Қиш мавсумида яна аномал совуқ кутиляптими? Ўзгидромет жавоб берди
Жамият
−
05 Октябрь 2023
78153Қишда 2023 йил январдаги каби аномал совуқ бўлиши кутилмаяпти. Бу ҳақда Ўзгидромет вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
“Келаётган қиш мавсумида 2023 йилнинг январь ойида бўлгани каби аномал ҳодисалар кутилмаяпти. 2023−2024 йилларнинг қиш мавсумида ҳаво ҳарорати −7…−12 даражагача, шимолда −17…−22 даражагача тушиши мумкин. Об-ҳавода қисқа муддатли бундай совуқ тушишлар одатий ҳол ҳисобланади”, деган Ўзгидромет хизмати агентлигининг Гидрометеорологик таъминот бошқармаси бошлиғи Азимжон Нарзуллаев.
Унга кўра, гидрометеорология соҳасида фаолият юритадиган барча давлатларнинг тажрибасидан келиб чиқилса, 3 кунлик об-ҳаво прогнозларининг оқланиш даражаси юқори, 5 кунликники эса 80−90 фоизни ташкил этади. 1 ой аввал бериладиганлари эса нормага нисбатан иқлимий маълумотлар ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг январида совуқ антициклоннинг республикада чуқурроқ кириб келиши фонида республиканинг катта қисмида ҳарорат -27 даражагача пасайган эди.
Акобир Сайидов