Қобилжоннинг ваҳший қотили ҳибсга олинди

Олам

image

Россиянинг Москва яқинидаги Одинцово шаҳри Горки-2 аҳоли пунктидаги мактабга пичоқ билан келиб, ушбу мактабнинг 4-синфида ўқийдиган тожик миллатига мансуб 10 яшар ўқувчини қасддан ўлдиришда айбланаётган ўсмир ҳибсга олинди. Ушбу қарор кеча, 18 декабрь куни Москванинг Тверь шаҳар суди томонидан чиқарилди. 

“Суд Тергов қўмитасининг қотиллик ва қотилликка уринишда айбланаётган 15 ёшли вояга етмаган шахсни ҳибсга олиш тўғрисидаги илтимосини қaноатлантирди. Суд айбланувчини икки ойга ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди”, дейилади ҳужжатда. 

Қобилжон фожиаси

Эслатиб ўтамиз, 16 декабрь куни эрталаб 15 ёшли тўққизинчи синф ўқувчиси мактабга пичоқ билан бостириб кирди. У аввалига синфхоналарга кириб, ўзи учун ўлжа қидирган. Уни пайқаган мактаб қўриқчисига қарата кўзни ачиштирувчи газ пуркаган ва уни пичоқлаган. Шундан кейин у шу мактабнинг 4-синф ўқувчиси – тожикистонлик мигрант оила боласи Қобилжон Алиевни пичоқлаб ўлдирган.

Тергов қўмитаси Россия Жиноят кодексининг 105-моддаси (қотиллик) ва Россия Жиноят кодексининг 30-моддаси 3-қисми, 105-моддаси 2-қисми (икки ёки ундан ортиқ одамни ўлдиришга уриниш) бўйича жиноий иш қўзғатди. Тергов қўмитаси ҳибсга олинган 15 ёшли ўсмир сўроқ пайтида айбини тан олганини, жиноятга тайёргарлик кўриш ва тафсилотларни ҳам баён қилганини маълум қилди.

Ҳужумни уюштирган 15 ёшли Тимофей К. исмли бола қўлга олингач, унинг телефонидаги галереяда селфилар ва ҳалок бўлган мактаб ўқувчисининг сурати аниқланган. Шунингдек, ўсмир экстремистик иқтибослар ва ўнг радикал ташкилотлар номлари билан безатилган ўз каскасини ҳам суратга олган. Хусусан, каскада “Sygaown” сўзи ёзилган бўлиб, бу 2022 йилда АҚШда содир этилган оммавий отишмага ишора ҳисобланади.

17 декабрь куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Одинцовонинг Горки-2 қишлоғидаги Успенский ўрта мактабида тўртинчи синф ўқувчисининг ўлдирилишини қоралади. Вазирлик республика фуқароси бўлган боланинг ўлими муносабати билан ҳамдардлик билдирди. 

Шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Тожикистонга ва Москва вилоятининг Одинцово шаҳридаги мактабда ҳалок бўлган боланинг оиласига ҳамдардлик билдирди. Ташқи ишлар вазирлиги фожианинг барча ҳолатларини аниқлаш ва тергов ўтказиш учун Москвадаги Тожикистон элчихонасига зудлик билан ёрдам таклиф қилди. 

Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби Сергей Шойгу Тожикистон Хавфсизлик Кенгаши котиби Юсуф Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жиноят ҳолатларини холис текшириш учун барча имкониятларни ишга солаётганини билдирди.

18 декабрь куни эрталаб Тожикистондаги уйига олиб келинди ва Шаҳринав туманидаги қабристонга, отасининг қабри ёнига дафн этилди


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг