Қорақалпоқ қўбиз санъати UNESCO’нинг маданий мерос рўйхатига киритилди

Жамият

image

Қорақалпоқ қўбизини ясаш ва унда ижро этиш санъати расман UNESCO'нинг “Зудлик билан муҳофаза остига олиниши лозим бўлган номоддий маданий мерос” рўйхатига киритилди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.

Қайд этилишича, қарор шу кунларда Ҳиндистон пойтахтида бўлиб ўтаётган UNESCO Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш ҳукуматлараро қўмитасининг 20-сессияси иштирокчилари томонидан бир овоздан маъқулланган.

Қўбиз санъати Ўзбекистоннинг UNESCO рўйхатига киритилган маданий мерос элементлари сонини ўн олтитага етказди.

“Бу эса Ўзбекистоннинг қадимий цивилизация ва бой маданиятнинг халқаро марказларидан бири сифатидаги мақомини тасдиқламоқда”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, қўбиз қадимги торли-камонли мусиқа асбоби бўлиб, туркий халқлар, айниқса, қорақалпоқлар, қозоқлар ва қирғизлар орасида кенг тарқалган. Қорақалпоқ қўбизи анъанавий тарзда яхлит ёғочдан (кўпинча тутдан) ясалади, отнинг ёлидан қилинган иккита торга эга бўлиб, чуқур ва бетакрор оҳанг ҳосил қилади.

Жиров – қорақалпоқ достончилари ва шоирларидир. Улар қўбиз жўрлигида достонлар ва тарихий ривоятлар ижро этади. Жировчилик анъанаси қорақалпоқ халқининг тарихи, фалсафаси ва маънавий қадриятларини етказувчи мусиқий ва шеърий санъатнинг ноёб уйғунлиги ҳисобланади.

Қўбиз ясовчи усталар ва унда ижро этадиган созандалар сафининг камайиб кетаётгани оқибатида ушбу санъат элементининг йўқолиш хавфи мавжуд. Шу сабабли, уни рўйхатга киритиш зарурати пайдо бўлган.

Сессия иштирокчилари мазкур ноёб анъанани келажак авлодлар учун сақлаб қолиш муҳимлигини алоҳида таъкидлаган.

Шунингдек, ҳукуматлараро қўмита сессияси давом этмоқда ва унинг доирасида Ўзбекистоннинг маданий мероси аҳамиятини намойиш этувчи қатор тадбирлар режалаштирилган.

Хусусан, бугун 10 декабрь куни “Муқаддас мероснинг қайта тикланиши: қўбиз ва қорақалпоқ жировларининг эпик анъанаси” мавзусида сайд-ивент бўлиб ўтади. Унинг дастурига таниқли жировлар Бақберген Сиримбетов ва Давронбек Ендирбековнинг жонли ижроси, қўбиз ва жировга бағишланган ҳужжатли фильм намойиши, шунингдек, уста Марат Жақсимуратов томонидан қўбиз мусиқа асбобини ясаш жараёнининг жонли кўргазмаси киритилган.

12 декабрь куни сессияда қорақалпоқ, қозоқ ва қирғиз ўтовларининг биргаликдаги номинациясини Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритиш масаласи кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Рубоб чалиш санъати UNESCO‘нинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

UNESCO Қорақалпоқ қўбиз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг