Катанецнинг ёрдамчилари ЎФА устидан шикоят қилди
Спорт
−
18 Октябрь 9595 2 дақиқа
Тармоқларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ бош мураббийи Сречко Катанецнинг ёрдамчилари Ўзбекистон футбол ассоциациясига (ЎФА) қарши FIFA'га даъво қилиш орқали муддатидан аввал якунланган шартнома учун 350 минг евро талаб қилишмоқчи экани ҳақида хабарлар тарқалди. Шу муносабат билан ЎФА расмий баёнот берди.
“Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ бош мураббийи ёрдамчи мураббийларининг меҳнат шартномаларида белгиланган “бош мураббийнинг меҳнат шартномаси бекор қилинса, ёрдамчи мураббийларнинг ҳам шартномаси бир вақтнинг ўзида бекор қилиниши” опцияси амалга ошганлиги туфайли, улар билан шартномалар автоматик тарзда бекор қилинган ва бу ҳақда уларга маълум қилинган”, дейилади ЎФА баёнотида.
Шунингдек, ЎФА собиқ бош мураббийнинг шартномаси томонлар розилиги билан бекор қилингани ва жамоага янги мураббийлар штаби келиши сабабли ёрдамчи мураббийлар шартномалари ҳам бекор бўлганини билдирган.
Қайд этилишича, собиқ мураббийлар штаби вакилларининг меҳнат шартномаларига киритилган ушбу бандлар FIFA ва Спорт Арбитраж суди юриспруденциясида нормал амалиёт сифатида қабул қилинади.
Ассоциациянинг маълум қилишича, собиқ бош мураббий ёрдамчиларига бошқа ёш тоифасидаги терма жамоаларда ишлаш бўйича таклифлар берилган, бироқ шартнома бир неча йиллардан буён Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрган терма жамоа учун тузилгани учун улар рад жавобини беришган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 январь куни Сречко Катанец соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабабли Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан тузилган шартномани ўзаро розилик билан бекор қилишга қарор қилинган эди.
Live
Барчаси