Келаси йилдан Тошкентдан Хивага тезюрар электропоезд қатнайди

Жамият

image

Масъулларга Кореянинг “Hyundai Rotem” компанияси билан ҳамкорликда 6 та юқори тезликдаги электропоезд олиб келиб, улардан биринчисини келгуси йилда “Тошкент – Урганч – Хива” йўналишида қатновга қўйиш топширилди. Бу ҳақда бугун, 13 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев темирйўл соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгуси йиллар учун режалар билан танишиши чоғида айтилди.

Қайд этилишича, темирйўл тармоғида бошланган кенг кўламли трансформация жараёнлари ўзининг ижобий натижаларини бера бошлаган. Ўтган йилни тармоқ илк бор соф фойда билан якунлаган, жорий йилнинг биринчи тўққиз ойида соф фойда 800 миллиард сўмдан ошган. Транзит ва йўловчи ташиш, экспорт ва инвестиция ҳажмлари ўсиб бормоқда.

Тақдимотда бу натижалар билан чекланмай, аҳоли сони ва иқтисодиёт ўсишига мос равишда темирйўл транспорти хизматларининг сифати ҳамда қамровини кенгайтириш, тармоқда харажатларни қисқартиришни давом эттириш зарурлиги таъкидланган.

Хусусан, транспорт ҳисобидан бошлаб, ҳаракат оқимигача бўлган барча босқичларда сунъий интеллект асосида назорат ўрнатиш орқали харажатларни таҳлил қилиш, йўл қўйилаётган йўқотишларни аниқлаш ва шу асосда таннархни 20 фоизга камайтириш мумкинлиги қайд этилган.

2026-2030 йилларда йўловчи ва юк ташиш ҳажмини камида икки баробарга ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Буни таъминлаш учун 151 километр янги темирйўл қуриш, 182 километр масофадаги йўлларни электрлаштириш, шунингдек, 27 та мавжуд станция ва 1 минг километр йўлни модернизация қилиш режалари ҳақида маълумот берилган.

Жумладан, “Нурафшон – Пскент – Бўка – Бекобод – Боёвут – Янгиер” ва “Ховос – Даштобод” йўналишларида электрлаштирилган янги темирйўллар қурилади. “Қумқўрғон – Қудуқли”, “Самарқанд – Ургут” ва “Байтқўрғон – Паркент” йўлларини электрлаштириш, “Тошкент – Самарқанд”, “Тўқимачи – Ангрен” ва “Ангрен – Поп” йўлларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш режалаштирилган.

Республика бўйлаб шаҳарлар атрофида қатнайдиган поездлар ҳаракатини фаоллаштириш мақсадида мавжуд 40 та йўналишга қўшимча яна 15 та янги йўналиш очиш таклиф қилинган.
 
Хусусан, “Тошкент – Нурафшон – Оҳангарон – Ангрен”, “Навоий – Зарафшон – Учқудуқ”, “Қўқон – Наманган – Андижон – Марғилон”, “Термиз – Қумқўрғон – Бойсун – Дарбанд”, “Нукус – Шовот – Урганч – Хива”, “Жиззах – Дўстлик – Айдар-Арнасой кўли”, “Қарши – Шаҳрисабз” каби йўналишларда шаҳар атрофи қатновларини йўлга қўйиш орқали аҳолининг кундалик сафарлари учун қулай шароит яратилиши қайд этилган.

Йиғилишда юқори тезликда ҳаракатланувчи тармоқни кенгайтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилган. Узунлиги 102 километрлик “Навоий – Бухоро” темирйўл линиясини фойдаланишга киритишни жадаллаштириш топширилди. Бу йўлнинг ишга тушиши юк ва йўловчи ташишда вақт ва харажатларни сезиларли қисқартиришга хизмат қилиши таъкидланган.

Келгуси йилларда янги очиладиган йўналишлар ва қурилаётган йўллар учун локомотив ва вагонлар паркини кенгайтириш бўйича ҳам режалар баён этилган.

Жумладан, Хитойдан 38 та магистраль локомотив, 50 та манёврли ва гибрид манёврли локомотив харид қилиш назарда тутилган. Кореянинг “ Hyundai Rotem” компанияси билан ҳамкорликда 6 та юқори тезликдаги электропоезд олиб келиб, улардан биринчисини келгуси йилда “Тошкент – Урганч – Хива” йўналишида қатновга қўйиш топширилди. Бу орқали йўналишда йўл вақти ҳозирги 14 соатдан 7,5 соатгача қисқариши кутилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистонда 250 та замонавий йўловчи вагонларини қуриш, шаҳарлараро қатнайдиган 23 та электр поездини харид қилиш орқали йўловчиларга шароитлар кенгайтирилади. 10 мингта юк вагонларини қуриш, 6 мингдан зиёдини тиклаш ҳамда 12 та электровозни капитал таъмирдан чиқариш вазифалари белгилаб олинди.

Темирйўл соҳасида хусусий шериклик лойиҳаларини кўпайтириш зарурлиги ҳам кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўл қурилиши бўйича амалий ишларнинг бориши ҳам кўриб чиқилган. Президент мазкур йўлнинг Марказий Осиёда транспорт боғлиқлигини ошириш ва мамлакатнинг транзит салоҳиятини янада мустаҳкамлашдаги стратегик аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, қурилиш ишларининг сифатини таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берган.

Йиғилиш якунида темирйўл тармоғини модернизация қилиш ва кенгайтириш бўйича белгиланган лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан кенг фойдаланиб, харажатларни мақбуллаштириш, шунингдек, соҳада йўловчилар ҳамда бизнес учун янада қулай, хавфсиз ва ишончли муҳит яратиш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилган.


Мақола муаллифи

Теглар

электропоезд тезюрар поезд темирйўл соҳаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг