Хайрия фаолияти бундан буён қандай ташкил этилиши бўйича тушунтириш берилди
Жамият
−
25 Февраль 6663 4 дақиқа
Бугун, 25 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида Ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинганди. Янги қонун лойиҳасида нималар назарда тутилаётгани бўйича “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Анваржон Миркомилов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Миркомиловнинг айтишича, ҳозирда амалдаги қонунчилик ҳужжатларига кўра, ҳомийлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи ҳар бир жисмоний ва юридик шахсга тақдим этилган. Аммо ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартиби қонунчиликда аниқ белгиланмаган.
“Шу сабабли, айрим ғараз ниятли, “уддабурон” шахслар томонидан фуқароларнинг ишончига кириб, уларнинг пул маблағлари ва мол-мулкини асоссиз қўлга киритиш ҳолатларига оид хабарларни ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кўрамиз ва бу кенг жамоатчилик муҳокамалари, эътирозларига сабаб бўлмоқда. Натижада бу ҳомийлик фаолияти билан қонуний тарзда шуғулланувчи ташкилотларга бўлган халқнинг ишончини сусайишига олиб келаётгани айни ҳақиқат”, дейди у.
Қонун лойиҳасида киритилаётган муҳим ўзгаришлар:
Биринчидан, ҳомийлик ташкилотлари, яъни нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, ҳомийликни амалга оширувчи ва ҳомийлик олувчи юридик шахслар томонидан ҳомийлик хайрияларини нақд, нақдсиз ва мол-мулк шаклида йиғишнинг аниқ тартиби белгиланмоқда. Бунда:
-
ҳомийлик хайрияларини нақд пул шаклида йиғиш фақат хайрия қутиси ёрдамида ёки ҳомийлик ташкилотлари, ҳомийликни амалга оширувчи ёки олувчи юридик шахсларнинг банк ҳисобварақларига қонунчиликда белгиланган тартибда пул ўтказиш йўли билан амалга оширилиши;
-
ҳомийлик хайриялари мол-мулк шаклида йиғилган тақдирда қабул қилиб олинган мол-мулк рўйхати шакллантирилиб, унинг тури, миқдори (ҳажми) кўрсатилган ҳолда далолатнома тузилиши;
-
ҳомийлик хайрияларини йиғиш жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида ушбу жараёнлар бошланиши ва якуни бўйича оммавий ахборот воситалари, расмий веб-сайтлар ёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда тегишли маълумотлар эълон қилиниши ва солиқ ҳисоботларида акс эттирилиши белгиланмоқда.
Иккинчидан эса, жисмоний шахслар, шу жумладан кўнгиллилар томонидан ҳомийлик хайрияларини йиғишнинг аниқ тартиби белгиланмоқда. Хусусан:
-
жисмоний шахслар ҳомийлик хайрияларини нақд пул ёки мол-мулк шаклида фақат ўзи ёки яқин қариндошлари манфаатида йиғиши мумкинлиги, бунда нақд пул шаклидаги ҳомийлик хайрияларини фақат ўзларининг банк ҳисобварақларига ёки шахсий банк картасига олиши кераклиги;
-
кўнгиллилар ўзига бегона бўлган ҳомийлик олувчиларга фақат эълон бериш орқали ҳомийлик хайрияларини йиғишга кўмаклашиши мумкин. Бунда, хайрия пуллари фақат ҳомийлик олувчи ёки унинг яқин қариндошининг банк ҳисобварақларига ёки шахсий банк картасига йиғилиши ёхуд уларга бевосита берилиши қайд этилмоқда.
Учинчидан, хайрия қутиси тушунчаси, уни ўрнатиш ва ундан фойдаланиш тартиби белгиланмоқда. Яъни:
-
хайрия қутиси фақат ҳомийлик ташкилотлари, ҳомийликни амалга оширувчи ёки олувчи юридик шахслар томонидан ўрнатилиши;
-
хайрия қутиси нақд пул шаклидаги хайрияларни йиғиш учун мўлжалланган шаффоф идиш, уни очиш жойи ваколатли шахслар томонидан имзоланган, муҳрланган ёки пломбаланган бўлиши кераклиги;
-
хайрия қутисида ҳомийлик хайрияларини йиғиш мақсади, уни ўрнатган юридик шахс ҳақидаги маълумотлар акс эттирилиши;
-
хайрия қутисини очиш, хайрияни ҳисоблаш жараёни хайрия ташкилотчисининг ваколатли вакили ва камида икки нафар гувоҳ иштирокида амалга оширилиши, бу жараёнлар видеотасвирга олиниши, тегишли далолатнома тузилиши ва ундаги маълумотлар бир кун муддатда жамоатчиликка эълон қилиниши;
-
хайрия қутисидаги маблағлар у очилган кунда ёки кейинги иш куни ичида тегишли банк ҳисобрақамига кирим қилиниши мустаҳкамланмоқда.
Тўртинчидан, хайрияларни йиғиш ва хайрия қутиларини ўрнатиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ушбу тартиб ва қоидаларни бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
“Халқона тилда айтадиган бўлсак, киритилаётган ўзгаришлар айрим ғараз ниятли, “уддабурон”, “сохта хайриячи”, “саховатпеша фирибгар” шахслар хайрия маблағлари ва мол-мулкка эга бўлишининг олдини олиш учун хизмат қилади. Хулоса сифатида айтиш мумкинки, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартибини бузишнинг олдини олишга, ҳомийлик ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга ҳамда ҳомийлик ташкилотларига нисбатан халқнинг ишончини ортишига хизмат қилади”, дейди Миркомилов.