Киркнинг ўлими. Прокурорлар янги тафсилотларни ошкор қилди

Олам

image

Консерватив фаол Чарли Киркнинг ўлдирилишида 22 ёшли Тайлер Робинсон ,Юта штатида туғилган йигит  айбланмоқда. Уни 33 соатлик қидирувдан сўнг 12 сентябрь куни қўлга олишган. Кеча, 16 сентябрь куни у биринчи марта суд олдида ҳозир бўлди. Айблов томони унга нисбатан ўлим жазосини талаб қилмоқчи.

Бу одам ҳақида нималар маълум?

Кеча, 16 сентябрь куни Юта штати прокурори Жефф Грей матбуот анжумани ўтказиб, журналистларга Робинсонни биринчи бўлиб унинг отаси эмас, балки онаси таниб олганини айтди. Телевизорда ўғлининг суратини кўрган она унинг ўзига қўнғироқ қилган, Тайлер эса “уйдаман, бир неча кундан бери касалман” деб жавоб қилган. Аёл бу ҳақда турмуш ўртоғига айтган, у ҳам фотода қидирилаётган одам ўғлига ўхшашини тасдиқлаган.

Шу билан бирга, отаси кузатув камералари суратларидаги милтиққа эътибор бериб, уни Тайлeрнинг бобосига тегишли бўлган қуролга ўхшатган. У ўғлидан қуролнинг суратини юборишини сўраган, аммо Робинсон жавоб бермаган. Кейин отаси унга қўнғироқ қилиб, уйга келишга кўндирган. Робинсон уйга келгач, ўзи Киркни отганига ишора қилган ва қамоққа тушмаслик учун ўлишни истаганини билдирган.

Прокурорнинг сўзларига кўра, онаси охирги пайтларда ўғли сиёсийлашиб бораётганини айтган.

Грей журналистларга Робинсон ва унинг хонадоши ўртасидаги эҳтимолий ёзишмаларни ўқиб эшиттирди. Унда Робинсон шеригидан “клавиатура остида қолдирган ёзувни топишни” сўраган.

“Хонадоши клавиатура остига қараб, ёзув топган. Унда: “Менда Чарли Киркдан қутулиш имконияти пайдо бўлди ва ундан фойдаланмоқчиман” — деб ёзилган эди”, деди Грей. 

Унга кўра, хонадоши буни шўхлик деб ўйлаб: “Бу ҳазилми?”, деб жавоб қайтарган.

Ёзишмаларда Робинсон полициядан қочиш ҳаракатларини ва ҳаракатланиши ҳақида хабар берган. Бир пайт у Кирк ҳақида: “Унинг нафратидан тўйдим. Ҳар қандай нафратни музокаралар билан йўқ қилиб бўлмайди”, деб ёзган.

Грейнинг сўзларига кўра, Робинсон ва унинг хонадоши ўлдиришдан сўнг шаҳардан кетиш режалари, милтиқни йўқотиб қўйиши ва уни отасига қандай тушунтириш ҳақида ҳам ёзишган. Кейин Робинсон таслим бўлиш ниятини билдирган ва хонадошидан ОАВ билан гаплашмасликни ва адвокат топишни сўраган.

Илгари хабар қилинганидек, гўёки отаси уни полицияга таслим бўлишга кўндирган, аммо Грей бу ишни оиланинг дўсти, нафақадаги полициячи қилганини айтди.

Айбловлар

Робинсонга қотиллик, ўқотар қурол билан жиноят содир этиш, адолатга тўсқинлик қилиш айблари қўйилди. Шунингдек, унга гувоҳга босим ўтказиш ва бола ҳузурида зўравонлик қилиш айблари ҳам қўшилди. Прокурорнинг айтишича, Киркни ўлдирган ўқ болаларнинг ёнидан ўтиб кетган.

Гувоҳга босим сифатида Робинсоннинг хонадошига “СМСларни ўчириш ва полицияга гапирмаслик” ҳақида қилган илтимослари баҳоланди. Умумий ҳисобда еттита айблов қўйилди. Прокурор ўлим жазосини талаб қилиш ниятида.

16 сентябрь куни Робинсон биринчи марта судга видеоконференция орқали чиқди. Судья унга айбловларни ўқиб эшиттирди ва прокурор ўлим жазоси талаб қилинишини билдирди. Кейинги суд жараёни 29 сентябрга белгиланди.

1976 йилдан буён Юта штатда етти киши қатл этилган. Жазо расмий отув орқали ижро этилади, бу АҚШ учун нисбатан ноодатий усул ҳисобланади.

Грейнинг айтишича, ҳозирги пайтда Робинсоннинг режаларидан олдиндан хабар топган қўшимча гумондорлар ҳақида маълумот йўқ. Шу билан бирга, Жорж Зинн исмли яна бир киши қўлга олинган, у адолатга тўсқинлик қилишда айбланмоқда. Расмийларда унинг Робинсон билан ҳамкорлик қилганига далил йўқ. Аммо у отишмани кўрган ва қидирувларга халақит бериш учун ёлғондан айбни ўз зиммасига олган.

Суд ҳужжатларига кўра, Робинсон аввал судланмаган ва зўравонлик жиноятлари содир этмаган.

BBC хабарига кўра, Робинсон илгари Ютада мустақил (партиясиз) сайловчи сифатида рўйхатга олинган. Унинг ота-онаси – Мэтью Карл Робинсон ва Эмбер Дениз Робинсон – республикачи сифатида рўйхатга олинган.

Қўшнилари унинг оиласи ҳақида яхши фикр билдирган, уларни меҳнаткаш ва “ажойиб одамлар” деб аташган.

Тайлер Робинсон Сен-Джордж шаҳрида ижарада яшаган, отишма содир бўлган университетда ўқимаган. Юта олий таълим кенгаши маълумотига кўра, у Dixie Technical College’да электротехника бўйича ўқир эди. Илгари бир семестр Юта давлат университетида ўқиган ва мактабда ўқиб юрганда параллель таълим дастурида ҳам иштирок этган.

Тайлернинг отаcи ошхона жиҳозлари ўрнатиш билан шуғулланади, онаси эса ижтимоий ходим. Оила мормон бўлиб, маҳаллий черков ҳаётида фаол қатнашади.

Терговчиларнинг сўзларига кўра, Робинсон интернет-маданиятни яхши билган. Кирк отилган патрон қопқоқларида мемларга ишоралар топилган. 

Расмийларнинг айтишича, Робинсон Discord платформасида кўп вақт ўтказган. Полиция унинг хонадошидан “Тайлер” номи билан ёзилган хабарларни кўрсатишни сўраган. Уларда милтиқни яшириш, ўқларни гравировка қилиш ва қуролнинг ноёблиги ҳақида сўзлар бўлган. Discord бу аккаунтни қоидабузарлик учун ўчирганини тасдиқлади.

Тергов ҳали давом этмоқда. Расмийлар Киркнинг ўлдирилишини АҚШнинг яқин тарихидаги энг йирик сиёсий суиқасдлардан бири деб атамоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Юта Чарли Кирк Тайлер Робинсон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг