Кушербоев Экология вазири ўринбосари ўғирлаб кетилганини очиқлади (видео)

Жамият

image

Аввалроқ, Тошкентнинг Яккасарой туманида 174 туп дарахт мораторий талабларига зид равишда кесиб ташлангани ҳақида хабар берилганди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербоев мазкур ҳолат бўйича видеомурожаат билан чиқиб, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов, унинг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов, пойтахт ИИББ ва прокуратурасини кескин танқид қилди. Шунингдек, у ўтган йили пойтахтда экологияни заҳарлаётган ташкилотларга чора кўрилаётганда, вазирнинг биринчи ўринбосари номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилганини очиқлади.

“Бугун айтиладиган гапларни бутун Ўзбекистон халқи ва Президентимиз ҳам билиши керак, деб ҳисоблайман. Чунки бу яшириляпти, бу узоқ давом этиши мумкин эмас. Бугун айни вақтларда ҳаммамизни ўйлантираётган масала – Ўзбекистонда ҳаво ёмонлашяпти, экология ёмонлашяпти, дарахтлар кесиляпти. Тошкент шаҳри ҳавоси ифлосланяпти. Айбдорларни қидиришга ҳаракат қилинади, вазирлик, Экология вазирлигига сусткашлик қилиняпти, деган масалалар бўлади. Мен озгина маълумотларни бериб ўтмоқчиман. Бутун Ўзбекистон халқи билсин. Президентимиз ҳам билсин буни, чунки у кишидан ҳам яширишяпти. Балки, шунда нимадир ўзгарар. Бўлмаса, ўзгармаса, ҳозир бизнинг ўзимизга қарши ишлар кетяпти. Биз ўрганиб қолганмиз. Ўзимизни қамашга ҳаракат қилишади, айбдор қилишга ҳаракат қилишади, ҳақиқатни яшириш учун. Лекин бугун энди пичоқ суякка бориб тақалди”, дейди Кушербоев ўз мурожаати аввалида.

Унинг айтишича, жорий йилнинг 25 октябрь куни кечаси ободонлаштириш ходимлари Яккасарой туманининг Нукус ва Бобур кўчалари кесишмасидан бошлаб 174 туп дарахт – можжевельник таги билан кесиб ташланган. "Дарахтлар Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг топшириғи асосида кесилган", дейди Кушербоев.

“Бу тўғридан тўғри Президентимизнинг дарахт кесишга қарши ўрнатилган фармони асосидаги мораторий талабига зид. Яъни, бу ҳоким ўринбосари Президентнинг фармонига ҳам кўндаланг қўйиб қўйган, қўпол айтганда. Шу ерда ҳам экологиясига ҳам, бошқасига ҳам “қўйдим, “давай” кесасан”, дейилган, мана кесиб ташлашди. Энди, энг қизиғи, бизда экология ходимлари бориб, тумандаги ҳолатни ўрганмоқчи, назорат қилмоқчи бўлса, улар босим остида ушлаб, келтирилмаган, яқинлаштирилмаган жойга. Ҳали ҳам шу аҳвол”, дейди Экология вазири маслаҳатчиси.

Унинг билдиришича, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигидан Республика инспекцияси масъуллари ҳолатни ўрганиш учун дарахтлар кесилган жойга бориб, маълумот тайёрлаётганда уларга нисбатан босим бўлган. Бундан ташқари, дарахтлар кесилгани ҳақида хабар тарқатган, видеолар эълон қилган Telegram-каналларга ҳам босим қилинган, хабарлар эса ўчиртирилган. Шунингдек, мутасадди идоралар томонидан кесилган дарахтлар қуриб қолгани иддао қилинган.

“Бўлмаган гап. Амалдаги қонунчилик бор. Дарахт кесишдан олдин қуриган бўлса ҳам уни бориб Ботаника боғидаги дендролог мутахассислардан хулосаси олинади. Кейин Экология вазирлиги рухсат бериши мумкин. Ҳозирги ҳолатда ҳеч қанақа хулоса ҳам олинмаган, ҳеч ким рухсат ҳам бермаган. Билмайман, бу ҳоким ўринбосари нима хоҳлаяпти? Албатта, кесилгандан кейин унинг ўрнига бошқа янги дарахт экилиши керак ва у солиқ тўловчилар ҳисобидан шаклланадиган бюджетдан яна пул кетказилади. Бюджетнинг пули шу ишларга сарфланади. Бундан ким манфаатдор ўзи? Кўм-кўк кўкариб турган дарахтни кесиб, унинг ўрнига бошқа экишдан, шунча харажат қилишдан ким манфаатдор? Ҳурматли ўша ҳоким ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов, сиз буни балки халққа тушунтириб берарсиз. Нега бунақа?”, дея савол қўйган Кушербоев.

Шунингдек, у ўз мурожаатида Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовни ҳам кескин танқид қилган.

“Энди нима бўляпти? Биз буни тармоқда эълон қиляпмиз, чиқяптими? Бизнинг Республика инспекцияси ходимлари у ерда, жойида. Ҳозир энди, демак, ўша Бахтиёр Раҳмонов ва жаноб “Ўзавтосаноат”да узоқ йиллар раҳбарлик қилган ҳозирги Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов боряпти ва “Экология бизга уруш очди”, деган масалани қўяпти-да, анави бизнинг Республика инспекциясидан бориб ўрганиш қилаётган ходимимиз Нурбековнинг  ёқасидан олиб, ички ишларга топшириқ бериб, телефонини олдириб қўйяпти. Мана, босим ўтказиш йўли. Бу тумандаги ходим эмас, бу Республика вазирлиги ходими. Тошкент шаҳар ҳокимияти қилаётган иш, мана”, дейди у.

Бундан ташқари, Кушербоев прокуратура ва ички ишлар фаолиятини ҳам кескин танқид остига олган.

“Қизиғи биласизми нима? Бош прокуратурадан бошлаб шаҳар, туман ички ишлари – ҳаммаси томошабин бўлиб турибди шу ерда. Прокуратура ўзи кўп ишларга томошабин бўлган. Бундан кейин ҳам томошабин бўлиб ўтирибди. Фақат энг оддий, анави орқасида ҳеч ким йўқ, камбағал фуқароларни экологик йўналишда ҳуқуқбузарлик қилса жавобгар қиляпти. Лекин асосий, катта ҳуқуқбузарликлар, ҳокимларнинг, ўринбосарларининг қилган қонунбузарликларига кўз юмиляпти. Бу нарса Қувасойда ҳам кузатилди. Мана, йилнинг бошида, кўкламда Қувасой шаҳрининг ҳокими жуда кўп дарахтларни кестириб ўзбошимчалик билан сурдириб ташлаган. Бориб ўрганиб, чора кўриш бўйича ҳамма материални прокуратурага беряпмиз, прокуратура чора кўрмаяпти. “Қуриб қомабди-ку, кўчирибди-ку”, деб ёнини оляпти. Бугун прокуратуранинг айрим ходимлари ҳокимиятнинг адвокати. Тошкент шаҳрида ҳам катта эҳтимол билан [шундай], афсус, биз ҳозир кимга ишонишни, кимга суянишни ҳам билмаймиз. Шунинг учун айтаётганим – халқ билсин буни. Президентга ҳам етиб борсин, Президент ҳам билмаётгандир, балки. Алдашяпти у кишини. У киши билсин. Бугун экологиянинг душмани ҳокимиятлар”, дейди Кушербоев.

Шу билан бирга, у ўтган йили пойтахтда экологияни заҳарлаётган ташкилотларга чора кўрилаётганда вазирнинг биринчи ўринбосари номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилганини маълум қилган.

“Тошкент шаҳрида экологик вазиятнинг ёмонлашишига Тошкент шаҳар ҳокимияти айбдор. Улар кестиртиряпти. Улар расво қиляпти. Ҳатто, ўтган йили мана шу Тошкент шаҳар бўйича кўмир ёқиб, экологияни заҳарлаётган ташкилотларга бориб, ўрганиб, чора кўраётганимизда, бизнинг вазиримизнинг ўринбосари, биринчи ўринбосарини якшанба куни мактабдан, боласининг ўқишига хабар олишга борган мактаб жойидан ўзини “Президент хавфсизлиги ходимиман” деб таништирган шахслар машинага босиб олиб кетиб, бизнинг вазир ўринбосаримизни олиб бориб, тиқиб қўйибди. Ноқонуний равишда ушлаб ўтирибди. “Тўхтат экологик рейдларингни”, деб. Ўзини ўша таништирган одам “Президентнинг хавфсизлигиданман”, деган. Бизнинг битта вазиримиз бор, ўшанинг акаси экан. Биз қанча ёздик, Президентгача, бошқагача, ҳеч ким чора кўрмади. Мана аҳвол. Вазир ўринбосарларимиз анави, мафияларча, одам ўғирлиги каби ўғирлаб олиб кетиб қолинса, мана бу ерда инспекция ходимлари чора кўра олмаса, киритилмаса, анави ёқасидан олиб, телефонини олиб қўйилса, зўравонлик қилиб…” дейди у.

Шунингдек, Кушербоев “Навоийазот” АЖ билан боғлиқ ҳолатни ҳам эслаб ўтган ва ҳатто Экология вазирлигини “тарқатиб юбориш” билан таҳдид қилинганини ҳам маълум қилган.

“Бу ёқда “Навоийазот” АЖ ҳам роса ўйин қилди. Бутун шаҳар аҳолисини заҳарлаяпти. Уни ўрганиб чора кўрамиз деса, бутун вазирликни “тарқатиб юбораман” деса. Бунақада ишлаб бўладими, ўртоқлар? Мана билиб қўйинг. Экологиянинг душмани ким ўзи аслида? Мана шу гаплардан кейин, майли энди, бизнинг пешонамизни бу ёғига нима кутиб турибди, тўғриси. Мана икки-уч йилдан бери юрдик, ўрганяпман, ҳаракат қиляпман, лекин ишлашга қўйилмаяпти”, дейди у. 

Экология вазирининг маслаҳатчисига кўра, дарахтлар кесилиши ортидан халқ ҳокимликлардан эмас Президентдан норози бўлади.

“Биз шунчаки қонунийликни хоҳлаяпмиз, холос. Ўша Президент фармонининг талабини бажарилишини хоҳлаяпмиз, холос. Лекин мен ҳозир яна айтаман, мана шу ҳоким ўринбосари (Тошкент шаҳри) Президентнинг мораторий талабини бузиб, одамларда норозилик келтириб, энг қизиғи, ҳокимиятдан ҳам эмас, Президентдан норози бўлади одамлар. Билмайман, Президентни обрўсизлантиришдан булар “кайф қиладими”, мен тушунмайман, нимадир қилмоқчи булар”, дейди Кушербоев.

У мурожаатининг якунида Тошкент шаҳар ҳокимлигига бир неча саволлар билан юзланган.

“Мен жамоатчиликдан, бизни ўша дарахт кесишга зўр бел боғлаётган ҳоким ўринбосари Раҳмоновдан, Тошкент шаҳар ҳокимидан, экологияга душманлик билан қараётган у кишиларга очиқ саволлар қўйилишини хоҳлайман. Ҳар ким савол қўйсин. Биринчи савол: давлат бюджетини асоссиз сарфлаш, кўкариб турган дарахтларни кестириб ташлаб, ўрнига бошқа дарахтлар экиб, бюджетни, халқнинг бюджетини бунақа сарфлашдан нима манфаатдорлик бор? Иккинчиси: Президентнинг мораторий талабини оёқости қилишга ким ваколат берган сизларга? Учинчиси: қонунбузарлик қилиб, зўравонлик қилиб, уни-буни милицияга айттириб тиқтириш, телефонни олдириб қўйиш ва ҳоказо қилиш, яъни сиз каби бошқа ҳам ўзининг давлат хизматини қиляпти. Бунга сизга ким ҳуқуқ берган? Қаердан оляпсиз бунча журъатни? Мана шу учта саволга жавоб беринг”, дейди Кушербоев.


Мақола муаллифи

Теглар

Расул Кушербоев вазир ўринбосари Экология вазири

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг