Латвиядан яна юзлаб россияликларнинг депортация қилиниши кутилмоқда
Олам
−
16 Март
5133Латвия ҳукумати мамлакатда қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган 800 нафар россияликни депортация қилиши мумкин. Бу ҳақда Латвия миграция департаменти вакили Мадара Пуке "TV3" телеканалига маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳозирда 800 киши Латвияда қолиш ҳуқуқини олмаган, улар на доимий, на вақтинчалик яшаш учун ариза берган.
"Биз бу шахслар ҳақидаги маълумотларни қўшимча текшириш учун Давлат чегара хизматига бердик. Келгуси ҳафталарда бу одамлар ҳали ҳам Латвиядами ёки йўқми аниқ бўлади. Агар улар Латвияда бўлса, уларга 30 кун ичида мамлакатдан кетишига буйруқ берилади”, деган у.
Пукенинг сўзларига кўра, Латвияда давлат тили бўйича имтиҳондан ўта олмаган Россия фуқаролари икки йил муддатга вақтинчалик яшаш учун рухсат олишга ариза топширишлари мумкин. Шундан сўнг, уларнинг латиш тилини билиши яна бир бор текширилади. Бу сафар ҳам имтиҳондан ўта олмаганлар депортация қилинади.
Маълумот учун, Латвия Конституциявий суди илгари ушбу мамлакат фуқароси бўлган ва доимий пропискага эга бўлган россияликлар учун латиш тилидан имтиҳон топшириш талабини қонуний деб кўриб чиққан.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида Латвия ҳукумати белгиланган муддатгача яшаш учун рухсатномага ҳужжат топширмаган ва мамлакатда қолиш учун ҳуқуқий мақомга эга бўлмаган 1200 дан ортиқ россияликни депортация қилишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси