Мактабга қулаган самолёт 25 боланинг ҳаётига зомин бўлди

Олам

image

Кеча, 21 июль куни Бангладеш пойтахти Даккада Ҳарбий-ҳаво кучларининг F-7 самолёти ҳалокатга учраб, коллеж ва мактаб кампусига қулаганди. Фожиа оқибатида 27 киши ҳалок бўлди, уларнинг 25 нафар болалар.  Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қирувчи самолёт Курмитоладаги ҳарбий-ҳаво кучлари базасидан мунтазам машғулот миссиясини бажариш учун соат 13:06 да ҳавога кўтарилган, бироқ кўп ўтмай механик носозлик юз берган. Учувчи тинч аҳоли орасида қурбонлар ва зарарни минималлаштириш учун самолётни аҳоли зич жойлашган ҳудудлардан узоқлаштиришга ҳаракат қилган, бироқ унинг уринишлари муваффақиятсиз тугаб, самолёт бинога қулаб тушди.

Самолёт қулаб тушган икки қаватли бино Дакканинг Диабари ҳудудидаги Milestone мактаби ва коллежига тегишли бўлиб, ҳаво кучлари базасидан тахминан 10 километр узоқликда жойлашган. Воқеа жойидан олинган тасвирларда самолётнинг парчаланган қолдиқлари бинонинг ён томонига эгилиб, унинг темир панжараларини шикастлагани ва конструкцияда тешик ҳосил қилганини кўриш мумкин.

Камида 27 кишининг жасади, жумладан 25 нафар бола, ўқитувчи ва самолёт учувчиси вайроналар остидан чиқариб олинган. Шунингдек, 100 дан ортиқ бола ва яна 15 киши жароҳат олган, улардан 78 нафари куйиш жароҳатлари билан ҳали ҳам шифохонада.

Jane's Information Group маълумотларига кўра, қулаган самолёт Хитойнинг Chengdu J-7/F-7 самолётлари оиласидаги охирги ва энг илғор вариант F-7 қирувчи самолёти бўлган. Бангладеш 2011 йилда 16 та шундай самолёт учун шартнома имзолаган ва 2013 йилда етказиб бериш якунланган.

Бангладеш ҳарбий-ҳаво кучлари ҳалокат сабабларини ўрганиш учун юқори даражадаги тергов қўмитасини тузди. Мамлакат муваққат ҳукумати раҳбари Муҳаммад Юнус ҳам унинг сабабларини текшириш учун “барча зарур чораларни кўришга” ваъда берди. Айни пайтда ҳукумат жабрланганларга “ҳар қандай ёрдам” берилаётганини айтди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 июнь куни Air India авиакомпаниясининг AI171 рейси бўйича Аҳмадободдан Лондонга йўл олган Boeing 787-8 Dreamliner самолёти Гужаратдаги Аҳмадобод аэропортидан ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай ҳалокатга учраган эди. Самолёт бортида 242 киши – 230 йўловчи ва 12 экипаж аъзоси бўлган. Самолёт тиббиёт коллежи ётоқхонасига бориб урилиб, тураржой ҳудудига қулаганди. Қурбонлар бортдагилар ва шаҳар аҳолиси бўлган. 270 дан ортиқ одам вафот этганди.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб самолёт Бангладеш бола Дакка

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг