Боғчами ё концлагерь?
Жамият
−
25 Май 11947 4 дақиқа
2025 йилнинг май ойи. Тожикистон пойтахти Душанбедаги хусусий болалар боғчасида 2 ёшли боланинг ўлими бутун минтақада болалар хавфсизлиги борасидаги саволларни уйғотди. Бола кундузги уйқу вақтида икки қаватли кроватнинг иккинчи қаватидан сирғаниб тушиб, бўйнидан панжарага илиниб қолган. Фожиа болага етарли назорат бўлмагани оқибатида юз берган. Айбдор деб топилган ходим устидан жиноят иши қўзғатилган.
Бу воқеа алоҳида бир фожиа эмас – бу огоҳлантириш. У нафақат Тожикистонга, балки унга қўшни Ўзбекистон учун ҳам муҳим сигнал. Чунки бу ерда ҳам икки қаватли кроватлар кўплаб боғчаларда ишлатилади. Бироқ улар учун хавфсизлик стандартлари борми? Улар бажариляптими?
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги очиқ равишда боғчаларда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар статистикаси билан одатда бўлишмайди. Ота-оналар реал ҳаётдан мисоллар келтирмоқда. QALAMPIR.UZ журналисти қуйидаги саволлар билан шаҳримиз аҳолисига юзланди. “Тарбиячилардан кўнглингиз тўқми? Болаларни уриш ҳолатларига фикрингиз қандай?”
“Ахир бу бировнинг боласи-ку! Ишониб олиб келишяпти. Қандай қилиб бировнинг боласини уриш мумкин? Ҳеч кимнинг бунга ҳаққи йўқ. Пул оляпти, давлат унга ойлик тўлаяпти, барибир ҳаққоний, ҳалол ишлаш керак. Қўл кўтаришса менинг ҳам жаҳлим чиқади”, дейди савол билан юзланганларимиздан бири.
“Болани уриш яхши эмас, айниқса бошидан уриш – жуда нотўғри. Мен бунга қаршиман. Чет элда болага жуда ҳурмат билан қарашади. Шунинг учун у ерда болалар эркин ўсади, фикрини бемалол айта олади”, дейди респондентлардан бири.
“Бунга, албатта, салбий қарайман. Боғча опаларни ҳам, боғчадаги бошқа ходимларни ҳам болани уришга ҳаққи йўқ. Ўйлаб кўринг, агар ўз боласини кимдир урса нима қиларди? Албатта, чидамайди! Шунинг учун бошқаларнинг боласига ҳам шундай муносабатда бўлиш керак”, дейди бу ҳолатга чидаб бўлмаслигини айтган фуқаро.
Шундай ҳолатларда энг долзарб савол: бизнинг боғчаларимиз хавфсизликка жиддий қарайдими? Ва бу масалада тизимли жавобгарлик мавжудми?
Бу борада Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) матбуот котиби Дилноза Юсупова қуйидагича изоҳ берди:
“2024 йил 14 ноябрда соҳада тарихий аҳамиятга эга бўлган ҳужжат, яъни болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун болаларни ҳар қандай шаклдаги зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланиб, мазкур қонун жорий йилнинг 15 май кунидан кучга кирди. Қонун билан болаларга нисбатан зўравонликнинг жами олтита шаклига таъриф берилган. Бу нафақат жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликка оид, балки ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация ва буллйинг каби зўравонликнинг шаклларига ҳам таъриф берилган. Шунингдек, таълим муассасаларида болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўймаслик чоралари ҳам белгиланган бўлиб, эндиликда болаларга зўравонлик ҳаракатларини содир этган педагог ёки тарбиячининг келгусида ушбу ва бошқа таълим муассасаларида фаолият юритишига чеклов қўйилади”.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тақдим этилган техник регламентга кўра, икки қаватли кроватлар бир қатор шартларга жавоб бериши керак:
- Юқори қават учун минимал ёш – 3-7 ёш.
- Кроват панжаралари болани тўлиқ ҳимоя қиладиган баландликда бўлиши керак.
- Кроватлар нарвон билан таъминланган бўлиши, зинапоялар орасидаги масофа 200-300 мм бўлиши лозим.
- Ҳар бир гуруҳда уйқу вақтида камида 1 нафар ходим болаларга қараб туриши керак.
Лекин ушбу стандартлар назорат қилиняптими? Вазирлик матбуот котиби Дилфуза Собирова ушбу стандартларнинг бажарилиши қандай назорат қилинаётгани ҳақида қуйидаги фикрни билдирди:
“Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан мактабгача таълим муассасаларида ишлатилаётган мебелларга санитария-гигиена талаблари белгиланган. Ушбу талаблар 2023 йил 7 ноябрдаги 24-сон қарор билан тасдиқланган. Ҳар бир ҳудудий бўлим режа асосида таълим муассасаларини ўрганади ва назоратни амалга оширади”.
Бу ерда гап фақат кроватда эмас – гап тизимда. Фарзандларимиз кундузги уйқу вақтида ҳимоясиз қолаётган бўлса, уларни оғир оқибатлардан асрайди?
Бу фожиа аслида бутун тизимни чертиб ўтаётган сигналдир. Бугун бу бола – Тожикистонда, эртага эса Ўзбекистонда бўлиши мумкин. Бу сигнални вақтида тушуниш – бошқа болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш деганидир.
Live
Барчаси