Мареска АПЛда ноябрь ойининг энг яхши мураббийи деб топилди
Спорт
−
13 Декабрь 544 2 дақиқа
Лондоннинг “Челси” клуби бош мураббийи Энцо Мареска Англия Премьер-лигасида ноябрь ойининг энг яхши мураббийи деб эътироф этилди. Бу ҳақда Премьер-лиганинг расмий сайти хабар берди.
Италиялик мутахассис ушбу мукофот учун курашда Микель Артета, Унаи Эмери, Пеп Гвардиола, Фабиан Ҳюрцелер ва Марко Силвани овоз бериши жараёнида ортда қолдириб, совринни қўлга киритди.
Мазкур соврин “Челси”нинг ноябрь ойида Премьер-лигада мағлубиятсиз давом этгани билан изоҳланади. Лондонликлар бу даврда тўртта учрашувда учта ғалаба ва бир дуранг қайд этди.
Ноябрь ойи “Челси” учун “Тоттенхэм” устидан Лондон дербисидаги 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан бошланди. Шундан сўнг жамоа “Вулверхэмптон”ни 3:0, “Бёрнли”ни эса 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Ой “Стэмфорд Бридж”да “Арсенал”га қарши баҳсда 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.
Шунингдек, “Брентфорд” ҳужумчиси Игор Тиаго АПЛда ноябрь ойининг энг яхши футболчиси деб топилди. У ушбу мукофотни қўлга киритган клуб тарихидаги илк футболчисига айланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Кремонезе” ҳужумчиси Жейми Варди ноябрь ойида А Сериянинг энг яхши ўйинчиси деб топилган эди.