Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди
Олам
−
18 Март 963 2 дақиқа
Бугун, 18 март куни Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани 14 фоиз даражасида – ўзгаришсиз қолдирди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2026 йил бошидан иқтисодиётда инфляцион жараёнларнинг муайян тезлашиши кузатилган. Натижада базавий инфляция ўсувчи траекторияга ўтиб, февраль ойида йиллик 6,3 фоизни ташкил этган. Мавсумий омиллар таъсири камайиши ҳисобига умумий инфляция сезиларли ўзгаришсиз 7,3 фоиз даражада шаклланган.
Ўз навбатида, озиқ-овқатлар нархларидаги ўсиш инфляцион кутилмаларнинг юқори сақланиб қолишига хизмат қилмоқда.
Иқтисодиётда фаоллик ялпи талаб ҳисобидан юқори даражада сақланиб қолмоқда. Бу чакана ва улгуржи савдо айланмаси динамикасида, кўчмас мулк олди-сотди битимлари сонида ҳамда бюджет харажатлари ижросида намоён бўляпти. Мазкур омиллар саноат, хизматлар ва қурилиш соҳаларида ўсиш суръатларининг барқарор давом этишини қўллаб-қувватлайди.
Мазкур даврда ишлаб чиқарувчилар нархларининг сезиларли ўсиши кузатилган. Юқори талаб фонида бу келгуси даврларда ишлаб чиқарувчилар харажатларининг якуний нархларга ўтиб бориши ва уларнинг истеъмол нархларида акс этиши эҳтимолини оширади.
Ташқи иқтисодий шароитда геосиёсий кескинликларнинг кучайиши ҳам нархларга оширувчи хатарларни юзага келтирмоқда. Хусусан, глобал таъминот занжирларидаги узилишлар оқибатида жаҳон бозорида кутилаётган энергия ресурслари ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши, шунингдек, логистика каналларидаги ўзгаришлар туфайли ташиш харажатларининг ортиши кузатилиши мумкин. Бу эса келгусида импорт нархлари орқали ички инфляцияга қўшимча босимларнинг шаклланишига сабаб бўлади.
Асосий савдо ҳамкорлари валюталарининг нисбатан барқарор шаклланиши бўйича ижобий кутилмалар яхшиланиши, олтин нархининг юқори даражада сақланиб қолиши, шунингдек, экспорт тушумлари ва пул ўтказмалари ўсишининг барқарор давом этиши миллий валютанинг реал алмашув курсига нисбатан сезиларли босимлар юзага келмаслигини кўрсатмоқда.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йилнинг 29 апрель кунига белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 28 декабрь куни Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани 14 фоиз даражасида – ўзгаришсиз қолдирганди.
Live
БарчасиШавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити ва Наврўз байрамини кўтаринки руҳда ўтказиш зарурлигини билдирди
18 Март
Туроператорларга жалб қилинган 1 минг хорижий турист учун 5 минг долларгача субсидия берилади
18 Март