Марказий Осиё етакчилари Остонада Италия билан саммит ўтказади
Олам
−
21 Апрель 4475 1 дақиқа
27 апрель куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида биринчи Марказий Осиё – Италия саммити бўлиб ўтади. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати маълум қилди.
Билдирилишича, Италия Республикаси Бош вазири Жоржия Мелони Президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг таклифига биноан 26-27 апрель кунлари расмий ташриф билан Қозоғистонда бўлади.
“Олий даражадаги музокаралар давомида томонлар Қозоғистон-Италия стратегик шериклигини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишни режалаштирмоқда”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, жорий йилнинг 3-4 апрель кунлари Самарқандда Марказий Осиё – Европа Иттифоқи биринчи саммити бўлиб ўтганди. Унда Марказий Осиё давлатлари етакчилари ҳамда Европа кенгаши президенти Антониу Кошта, Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо қатнашди. Саммит натижасида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Бунгача Европа давлатлари билан C5+1 форматидаги саммит Германия билан 2 марта бўлиб ўтган. Биринчиси 2023 йил 29 сентябрь куни Берлинда, иккинчиси эса 2024 йил 17 сентябрда Остонада бўлиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Италия Бош вазири Жоржия Мелони 25-26 апрель кунлари расмий ташриф билан Самарқанд шаҳрида бўлиши хабар қилинганди.
Live
Барчаси