Мирзиёев Абдулла Убайдуллаев вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Жамият

image

Аввалроқ, таниқли пульмонолог олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тиббиёт ходими Абдулла Муҳаррамович Убайдуллаев 91 ёшида вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шу муносабат билан ҳамдардлик билдирди.

Маълумот учун, Абдулла Убайдуллаев 1934 йил 20 мартда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент давлат тиббиёт институтида (ҳозирги Тошкент давлат тиббиёт университети) таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини Тошкент шаҳридаги 1-клиник шифохонада фельдшер вазифасида бошлаган. Кейинчалик Тошкент ва Москва шаҳарларида аспирантура ҳамда докторантурада ўқиб, номзодлик ва докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган. Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, 2000 йилда эса ҳақиқий аъзоси этиб сайланган. 

Абдулла Убайдуллаев қарийб 70 йиллик меҳнат фаолияти давомида Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ассистенти, доценти, факультет декани, Республика фтизиатрия ва пульмонология илмий-тадқиқот институти директори, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази профессори каби масъул лавозимларда фидокорона хизмат қилиб, ўзининг юксак илмий-педагогик ва раҳбарлик салоҳиятини намоён этган. 

Бутун ҳаётини аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишдек шарафли ишга бағишлаган тажрибали олим мазкур йўналишда юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлаш, Ўзбекистонда замонавий тиббиёт илмини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган. Айниқса, фтизиатрия ва пульмонология-эпидемиология соҳасида жонбозлик кўрсатиб, сил ва нафас олиш йўлларининг ноанъанавий касалликларини профилактика қилиш ва даволаш бўйича долзарб мавзуларда илмий тадқиқотларни амалга оширган, кўплаб монография, дарслик, ўқув қўлланмалар ёзиб, пульмонология ва аллергология йўналишлари бўйича Ўзбекистонда янги мактаб яратган.

“Абдулла Убайдуллаев турли даврларда Ўрта Осиё пульмонологлари ассоциацияси президенти, “Марказий Осиё пульмонологлари хабарномаси” илмий журнали бош муҳаррири, Европа респираторлар жамияти, Сил ва нафас йўллари касалликлари халқаро иттифоқи аъзоси сифатида фаолият кўрсатиб, мамлакатимизда ва халқаро илмий жамоатчилик ўртасида юксак эътирофга сазовор бўлди”, дейилади таъзия хатида. 

Жонкуяр олим кўплаб ёшларга устозлик қилган, унинг раҳбарлигида ўнлаб номзодлик ва докторлик ишлари ҳимоя қилинган.

Академик Абдулла Убайдуллаевнинг мамлакатда тиббиёт соҳасини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлат томонидан муносиб тақдирланган. У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвони, “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.

“Таниқли олим, ёшларнинг меҳрибон устози, самимий ва камтарин инсон Абдулла Убайдуллаевнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади таъзия хатида.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳамдардлик олим академик Абдулла Убайдуллаев пульмонолог

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг