Мирзиёев “Дўстлик” постидаги тирбандликка ечим топишни топширди
Жамият
−
16 Апрель 9000 2 дақиқа
Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегарасида жойлашган “Дўстлик” постидаги катта тирбандлик муаммосини бартараф этиш бўйича вазифа топширилди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 16 апрель куни Андижон вилоятида комплекс ривожлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказган йиғилишида сўз очди.
Мажлисда ҳар йили Андижондан Қирғизистонга 200 миллион долларлик экспорт амалга оширилаётгани қайд этилди. Қўрғонтепа ва Хўжаободда ҳам худди Афғонистон чегарасидаги каби эркин савдо ва саноат зоналари ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди. Мутасаддиларга тадбиркорлар билан маслаҳатлашган ҳолда ушбу иккита ҳудуддан биттасини танлаб, мастер-режа ишлаб чиқиш топширилди.
Хўжаободдаги “Дўстлик” постидаги катта тирбандликдан аҳоли ҳам, ташувчилар ҳам норози эканига эътибор қаратилди. Масъул вазирлик ва идоралар олдига тирбандлик сабабини ўрганиб, тез фурсатда бунинг ечими бўйича таклиф бериш вазифаси қўйилди.
Президентга кўра, “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темирйўлини қуриш бўйича йирик лойиҳа ишга тушиши натижасида ташиш муддати 1 ҳафтага, масофаси минг километрга қисқаради, юк ташиш 10 баробар ошади.
“Лекин, ички темирйўл тармоқларимиз, божхона пунктлари, станциялар бу юкни қабул қилиш ва ўтказишга қанчалик тайёр?” дея савол қўйди давлат раҳбари.
Мутасаддиларга бу борадаги ҳисоб-китобларни қилиб, амалга ошириладиган ишлар бўйича дастур тайёрлаш вазифаси топширилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида кеча, 15 апрель куни Андижон вилоятига етиб борганди. Давлат раҳбари Янги Андижон шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғида ўтаётган халқ сайлида сўзга чиқиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур хотирасини абадийлаштириш мақсадида Янги Андижон шаҳарчасига Бобур шаҳри деб ном беришни таклиф қилди. Бугун, 16 апрель куни вилоятда комплекс ривожлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда Шавкат Мирзиёев вилоятга қўшимча 1 триллион сўм йўналтирилишини айтди.
Live
Барчаси