Мирзиёев умуман жиноят бўлмаслигига ваъда берган “участкавой”нинг унвонини оширди

Жамият

image

Аввалроқ, Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги Янги Камолон маҳалласига борганди. Ушбу ташрифи доирасида давлат раҳбари умуман жиноят содир бўлмагани учун катта лейтенант унвонига эга маҳалла инспекторига капитан унвонини берди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш мақсадида маҳалла инспектори хонасида ситуацион марказ ташкил этилган. Унга кўп қаватли уйларнинг йўлакларидаги кузатув камералари ва ички ишлар тизимининг хавфсизлик дастурлари боғланган. Амалга оширилган ишлар натижасида Президент ташриф буюрган маҳаллада бу йил бирорта ҳам жиноят бўлмаган.

Тақдимот чоғида маҳалла инспектори Президентга маҳалла аҳолиси, аёл ва эркак, ёшга доир маълумотлар, кўп қаватли уйлар ва доимий қанча фуқаро яшаётгани, вақтинча қанча киши ва уларнинг қанчаси қайси вилоятдан экани каби маълумотлар жамланган дастурни кўрсатган.

Шундан сўнг, Президент ундан келгуси йил жиноят бўлмаслиги учун қайси хонадонда қандай иш қилаётгани, қайси хонадон ва ташкилот унинг учун хавфли экани ҳақида сўраган. Инспектор маҳаллада хавфли ташкилот ва муаммо йўқлигини таъкидлаб, 2025 йилнинг охиригача ҳудудда бирорта жиноят содир бўлмаслигига ваъда берган.

Давлат раҳбари инспекторнинг ушбу сўзларидан сўнг, Бош вазир Абдулла Арипов ва Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовга топшириқ бериб, ўша вақтнинг ўзида катта лейтенантга капитан унвонини берди.

“Агар ҳар бир “участкавой” шундай ҳаракат қилса, бизда жиноят бўлмайди. Унвонни эртароқ беришга ҳуқуқим бор. Жасорат билан, ишонч билан айтяпсан, ҳаётингни шунга бағишлагансан. Мана сенга ўхшаганларни тарбия қилмоқчиман. Мана сен назоратга олинган кадр бўлдинг. Капитан билан табриклайман! Унвон билан!” деган Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Тошкентдаги 24 соат уйғоқ бўладиган кўчани кўздан кечирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур капитан Янги Камолон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг