Москвада ўзбекистонлик дипломатлар маҳаллий фуқарони урдими? (видео)

Жамият

image

Кеча, 2 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Россия пойтахти Москвада бир эркак Ўзбекистон элчихонаси ёнида калтаклангани ва буни Ўзбекистон дипломатик миссияси ходимлари содир қилгани айтилган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси муносабат билдирди. 

“Readovka” номли Telegram-канал эълон қилган хабарда маҳаллий эркак итини сайр қилдиришдан қайтаётиб, Ўзбекистон элчихонаси ёнидан ўтаётганда нотўғри жойда қўйилган машинани кўриб қолгани айтилади.

“Кеча итимни сайр қилдириб қайтаётиб, нотўғри жойга қўйилган машинани кўрдим. Унда ўзбек миллатига мансуб шахслар ўтирган эди. Бу кейинроқ, можаро чиққач маълум бўлди. Машина эса элчихона рақамида эди. Мен уларга эътироз билдирганимдан сўнг улар менга таҳдид қилишди. Кейин эса мени шу одамлар уришди. Шунингдек, улар телефонимни синдиришди. Буни атайлаб қилишди, чунки мен барчасини ёзиб олаётганим учун уларнинг мақсади телефонимни йўқотиш эди. Ҳодисадан кейин мен полицияни чақирдим ва уларни ушлашди. Мен ариза ёздим. Уларга ёрдамга элчихонадан вакиллар ҳам келишди”, дея иддао қилади маҳаллий фуқаро.

Бугун, 3 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ушбу ҳолат бўйича муносабат билдириб, тарқалган хабарларни рад этди.

Билдирилишича, ижтимоий тармоқларда сиздирилган постларнинг фотосуратларида кўрсатилган автотранспорт воситаси ва ҳуқуқбузарларнинг Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ушбу автомобилнинг дипломатик рақами бошқа мамлакатнинг дипломатик ваколатхонасига тегишли.

“Содир бўлган воқеа учун элчихонага жавобгарликни юклашга қаратилган ҳар қандай уринишларни асоссиз ва номақбул деб ҳисоблаймиз”, дейилади муносабатда.

Шу сабабли Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларидан текширилмаган ахборотларни тарқатмасликни сўрамоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Москва Ўзбекистон элчихонаси дипломатик миссияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг