Мухолифат партия пулли “парковка” нархларини қайта кўриб чиқишни талаб қилди

Жамият

image

Халқ демократик партияси депутатлари Тошкент шаҳридаги автомобиллар учун пулли тўхташ жойларидаги нархларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини билдирди. Бу ҳақда партия сайтида маълум қилинди

Қайд этилишича, Тошкент шаҳри кўчаларида автомобиль қўйиш жойларидан (шаҳар бўйлаб 14 мингга яқин пулли автомобиль тўхташ жойлари ташкил этилиши белгиланган) фойдаланиш ҳақи соатига 12 минг сўмдан бошлаб белгилангани, тушаётган маблағлар бўйича очиқлик ва ҳисобдорлик етишмаётгани жамоатчилик орасида турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Таъкидланишича, бундай тизим аҳолининг даромадлари ва имкониятларига мос бўлиши, унда одамларнинг ҳаётий эҳтиёжлари ҳисобга олиниши лозим.

“Пойтахт маркази ва унга яқин ҳудудларда ишлаётган юртдошларимиз иш вақти давомийлиги бўйича автомобилларини 8 соат атрофида пулли тўхташ жойларида қолдиришига тўғри келмоқда. Демак, кунлик тўлов 100 минг сўм атрофида бўлиб, ойлик тўлов меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан ҳам ортиб кетмоқда. Бу эса фуқароларнинг ўртача даромадларига қанчалик тўғри келаётгани жиддий масалага айланмоқда.

Пулли тўхташ жойлари бизга ҳар томонлама яқин бўлган қўшни давлатларда ҳам ташкил этилган. Уларда тўхтаб туриш нархи бир неча баробар арзон. Демак, биздаги тариф миқдори иқтисодий мантиқ ва ижтимоий адолат мезонларидан анча узоқлиги кўринмоқда”, дейилади партия баёнотида.

ХДП пулли тўхташ жойлари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиб, айрим таклифларни берган.

Жумладан:

  • Оммавий фойдаланишдаги хизмат учун ҳар қандай тариф ёки йиғим миқдорини белгилашда аҳолининг реал даромадлари, ижтимоий ҳимоя даражаси ва ҳаётий эҳтиёжлари инобатга олиниши зарур;
  • белгиланган тарифлар иқтисодий асосланиши, қайта кўриб чиқилиши, маблағлар қаерга тушаётгани, уларнинг қандай сарфланиши ҳақида маълумотлар кенг жамоатчиликка очиқланиши керак;
  • ижтимоий объектлар, хусусан, давлат тиббий муассасалари, давлат хизматлари кўрсатиладиган марказлар ва “Инсон” марказлари, шунингдек, кутубхоналар олдидаги пулли тўхташ жойларидан маълум вақт давомида бепул фойдаланиш имкониятини яратишни назарда тутиш лозим;
  • савдо корхоналари, хизмат кўрсатиш, тиббиёт, спорт ва маданий-кўнгилочар муассасалар ҳудудидаги тўхташ жойларининг камида 5 фоизи имтиёзга эга шахслар учун бепул ажратилиши қатъий таъминланиши керак ҳамда мазкур меъёрни ошириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ;
  • қатор пулли тўхташ жойлари “қатнов қисмида тўхташ тақиқланади” белгиси ўрнатилган йўл қисмларида ташкил этилаётгани “пул тўланса, мумкин”, деган хулосани бермоқда. Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, тўхташ тақиқланган жойда тўловдан кейин тўхташ мумкин бўлаётгани тенглик тамойилларига зиддир.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг 18 ноябрдаги тегишли қарори билан пойтахтдаги бозорлар ёнидаги автотураргоҳларда енгил автомобильлар учун тўлов миқдорлари ҳафтанинг кунига қараб фарқланиши, шанба-якшанба кунлари тарифлар оширилиши белгиланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

парковка Мухолифат партия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг