NASA Ой миссиясини техник муаммо сабабли яна қолдирди
Олам
−
04 Февраль 893 1 дақиқа
АҚШ Миллий аэронавтика ва космик маъмурияти (NASA) Artemis II миссиясини барча учиришдан олдинги процедураларнинг якуний синови пайтида ёқилғи сизиб чиқиши сабабли март ойига қолдирди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 2 февраль куни NASA муҳандислик гуруҳлари биринчи учиришдан олдин тизим қандай ишлашини аниқлаш учун машқ ўтказган ва ракетага 700 000 галлон ўта совуқ суюқ ёқилғи қуйишган. Тайёргарлик ишлари давомида муҳандислар ракетанинг суюқ водород тизимидаги оқиш муаммосини бартараф этиш учун бир неча соат вақт сарфлаган.
NASA администратори Жаред Айзекманнинг сўзларига кўра, оқиш кучайгани сабабли тайёргарлик 5 дақиқа қолганида тўхтатилган. Унинг айтишича, синов пайтида Orion космик кемасида клапан, аудио ва камера билан боғлиқ муаммолар ҳам аниқланган.
“Биз қийинчиликларга дуч келишимизни тўлиқ кутган эдик”, деб ёзган Айзекман Х ижтимоий тармоғида.
Айзекманнинг қўшимча қилишича, NASA март ойидаги учириш санасини белгилашдан олдин яна бир синов машқ ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, Artemis II миссияси бир неча бор кечиктирилмоқда. Биринчи учириш санаси 2024 йил охирига режалаштирилган эди. Ўшанда Orion’нинг иссиқлик қалқони ва ҳаётни таъминлаш тизимидаги техник муаммолар туфайли миссия бир йилга, яъни 2025 йил сентябрига кечиктирилганди.
Алиқулов Жавоҳир
Live
Барчаси