НАТОнинг 5 давлати Украинага мажбурий ҳарбий ёрдамга қарши чиқди

Олам

image

НАТОнинг 5 давлати Украинага ҳар йили ЯИМнинг 0,25 фоизи миқдорида мажбурий ҳарбий ёрдам ажратиш ташаббусини қўллаб-қувватламади. Бу ҳақда “The Telegraph” газетаси хабар берди.

Нашр маълумотига кўра, альянс бош котиби Марк Рютте илгари сурган ташаббусга Буюк Британия, Франция, Испания, Италия ва Канада қарши чиққан.

Газетанинг ёзишича, Лондоннинг бундай позицияси унинг Украинанинг энг қатъий иттифоқчиларидан бири сифатидаги обрўсига путур етказиши мумкин. Яқинда Буюк Британия Яқин Шарқдаги можаро фонида учинчи давлатларда Россия нефтидан ишлаб чиқарилган дизель ва керосин импортига қўйилган тақиқни ҳам вақтинча бекор қилган эди.

Шу билан бирга, Буюк Британия Украинага ҳарбий ёрдам учун ЯИМнинг 0,25 фоизидан кам маблағ ажратаётган бўлса-да, умумий ёрдам ҳажми бўйича ҳамон АҚШ ва Германиядан кейин учинчи ўринда турибди.

Нашрнинг қайд этишича, асосий танқид Франция, Испания, Италия ва Канадага қаратилган. Нашрга кўра, бу давлатлар иқтисодий салоҳиятига қарамай, Украинага ёрдам ҳажми бўйича кўплаб кичикроқ иттифоқчилардан ортда қолмоқда.

Кил университети ҳисоб-китобларига кўра, Нидерландия, Польша, Болтиқбўйи ва Шимолий Европа давлатлари Украинага ёрдам учун ЯИМнинг 0,25 фоизи ёки ундан кўпроғини ажратмоқда.

Марк Рютте ушбу режа Киевни қўллаб-қувватлашнинг муҳим белгиси бўлишини таъкидлаган ва ташаббусни Туркия пойтахтида бўлиб ўтадиган НАТО саммитида тасдиқлашга умид қилган.

Ҳозирча камида етти НАТО давлати бу ғояни қўллаб-қувватлаган, бироқ қарор қабул қилиниши учун альянснинг барча аъзолари бир овоздан розилик билдириши керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Президенти Эммануэль Макрон Беларусь фуқароси Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқотда уни Украинадаги можарога аралашмасликка чақирганди. Телеканал маълумотига кўра, Макрон Лукашенкога Беларуснинг Европа билан муносабатларини яхшилаш учун зарур чораларни кўришни ҳам таклиф қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Франция Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг