Нега Ғалаба куни икки хил санада нишонланади?

Бу қизиқ

Нега ғалаба куни Ғарб давлатларида 8 май, Россияда эса 9 май санасида нишонланишини биласизми? Нега бу сана бир кун фарқ қилади? Бу шунчаки вақт зонаси сабабми? Ёки бунда катта сиёсий омиллар ёки Сталиннинг ўзига хос позицияси ётадими? Келинг, шунга аниқлик киритамиз. 

Ҳар йили май ойининг бошида дунё Иккинчи жаҳон уруши якунини эслайди. Бу нафақат тарихий сана, балки инсоният ёдида абадий қолган қонли хотира. Аммо бу муҳим сана турли давлатларда турлича белгиланган. АҚШ ва Ғарбий Европа уни 8 май куни нишонласа, Россия ва айрим постсовет давлатлари 9 майни танлаган. Шу ўринда асосли савол туғилади. Нега? 

Аслида, уруш тугагач, 1945 йил 7 май куни Германия вакиллари Франциянинг Реймс шаҳрида таслим бўлиш ҳужжатини имзолаган. Ушбу мағлубият ҳужжати 8 май куни соат 23:01 да кучга кириши керак эди. Бу вақт Европа ва АҚШда ҳали ҳам 8 май, аммо Москва вақти билан аллақачон 9 май тонги эди.

Расмий баёнотларда Россия одатда вақт зонасини сабаб сифатида кўрсатади. Аммо масаланинг бошқа, анча чуқур томони ҳам бор яъни – Сталиннинг позицияси.

Сталин Реимсдаги таслим бўлиш жараёнини “Ғарбнинг ютуғи” сифатида қабул қилишни истамади. У Германия Совет армияси томонидан ишғол қилинган ҳудуд яъни Берлинда таслим бўлиши керак, деб талаб қилди. Бунинг сабаби сифатида урушда энг катта қурбонлар айнан Совет Иттифоқи томонидан бўлганини иддао қилди. Чунки урушда СССРдан 27 миллион одам ҳалок бўлган эди.

Сталин дипломатик жиҳатдан Реимсдаги имзони етарли эмас деб топди ва немислар яна бир бор – бу сафар Советлар бошчилигида — расмий таслимлик ҳужжатини имзолашга мажбур қилинди.

8 май кечаси Берлиннинг Карлшорст туманида иккинчи марта капитуляция маросими бўлиб ўтди. Совет генерали Георгий Жуков бошчилигида немислар яна тегишли ҳужжатга имзо чекишди. Бу маросим Москвада тонг отган – яъни 9 май соатларида якунланди.

Шундай қилиб, тарихий воқеалар ва сиёсий қарашлар натижасида Ғалаба куни турли давлатларда ҳар хил саналарда нишонланадиган бўлди. Вақт зонаси бу фарқнинг асоси, аммо Сталиннинг сиёсий амбициялари ва Совет Иттифоқининг урушдаги роли ҳақидаги қарашлари ҳам муҳим омил бўлган.

Келинг, бугунги даврга қайтсак. Бу йил Европада Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллиги нишонланади. бу юбилей сана бўлгани шарафига жорий йилги байрам Европада фақат 8 май эмас, балки бир неча кун давом этади. 

Масалан, Буюк Британия пойтахти Лондонда 5 май куни тушда Биг-Беннинг қўнғироғи билан тантаналар бошланди. Британиялик актёр Тимоти Сполл Уинстон Черчиллнинг 1945 йил 8 майда радио орқали айтган машҳур ғалаба нутқини ўқиб эшиттирди.

1300 дан ортиқ одам иштирок этган ҳарбий кортеж Лондон маркази орқали Парламент майдонидан Букингем саройига ўтди. Унга 100 ёшли Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Алан Кеннет бошчилик қилди.

Кортежни қирол Чарльз III, унинг рафиқаси Камилла ва Уэлс шаҳзодаси Уильям бутун оиласи – рафиқаси Кейт, шаҳзодалар Жорж ва Люи ҳамда малика Шарлотталар билан томоша қилди.

Ҳарбий кортежда Украина ҳарбий хизматчилари ҳам иштирок этди. Уларнинг айтишича, бу катта шараф.

Украина билан уруш олиб бораётган Россия пойтахтида эса 9 май куни ҳарбий парад бўлади. 20 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари унда иштирок этиши кутилмоқда. Улар орасида МДҲ давлатлари раҳбарлари,  Россиянинг BRICS'даги ҳамкорларидан Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва Бразилия Президенти Лула да Силва,  Европа Иттифоқи аъзоси Словакиянинг Бош вазири Роберт Фицо ҳам бор. Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди эса Путиннинг таклифини радетган. 

Украина билан давом этаётган уруш фонида Москвада хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Хусусан, дронлар устидан назорат ва ёнғин хавфсизлиги чоралари устувор вазифа сифатида белгиланган.

Укарина эса 6 май куни Россия пойтахти Москва шаҳрига оммавий дрон ҳужуми уюштирди. Оқибатда шаҳар аэропортлари самолётлар учун ёпилди. 

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 6 май оқшомида Россия ҳудуди устида жами 57 та украин дрони йўқ қилинган. Улардан 31 таси Брянск вилояти, 14 таси Курск вилояти, еттитаси эса Орлов вилояти устида уриб туширилган.

Москва шаҳри ҳаво ҳудудининг ёпилиши муносабати билан қуйидаги Uzbekistan Airways рейслари захира аэропортларига йўналтирилди.

Хуллас, эртага, 9 май куни кўплаб давлатлар раҳбарлари ташриф буюриши кутилаётган Москвада парадга тайёргарлик давом этмоқда.

Зебинисо Сапарбоева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

АҚШ Россия Европа Москва Иккинчи жаҳон уруши Берлин Сталин Чарльз III Совет Ғалаба куни

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг