Норвегия Трамп масаласида FIFA устидан шикоят қилди

Спорт

image

Норвегия футбол федерацияси (NFF) Халқаро футбол федерацияси (FIFA) ахлоқ қўмитасига расмий хат юбориб, FIFA президенти Жанни Инфантинонинг АҚШ Президенти Дональд Трампга ўзи таъсис этган “Тинчлик мукофоти”ни топшириши ташкилот низоми бузилиши ҳисобланадими-йўқми текширишни талаб қилди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.

Қарор Норвегия футбол конвенциясида қабул қилинган. Шу тариқа NFF 2025 йил декабрь ойида Ахлоқ қўмитасига шунга ўхшаш шикоят билан мурожаат қилган FairSquare инсон ҳуқуқлари ташкилотининг ташаббусини расман қўллаб-қувватлаган.

“Биз хатни юбордик. Ахлоқ қўмитасидан ишни очиқ тарзда кўриб чиқишни, шунингдек, агар иш кўриб чиқилмаса, бунга сабаб бўлган ҳолатларни тушунтиришни сўраймиз”, дейди NFF президенти Лисе Клавенесс.

Клавенесс Норвегия бу хатни бошқа федерацияларга босим ўтказмасдан мустақил равишда юборганини қайд этган.

“Биз ҳеч кимга босим ўтказиш фойдасиз деган хулосага келдик. Бошқа федерациялар хоҳласа, ушбу ташаббусга қўшилиши мумкин”, дейди у.

Шу билан бирга, у Швеция ва Германия каби айрим федерациялар норасмий тарзда қўллаб-қувватлаганини ҳам қайд этган.

Маълумотларга кўра, FIFA “Тинчлик мукофоти” Жанни Инфантинонинг шахсий ташаббуси билан FIFA кенгаши тасдиғисиз таъсис этилган. Мукофот 2025 йил 5 декабрь куни Вашингтонда бўлиб ўтган 2026 йилги Жаҳон чемпионати қуръа ташлаш маросимида топширилган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилоти FairSquare эса мукофот “ҳозирги сиёсий арбобга” берилиши FIFA ахлоқ кодексининг 15-моддасини бузиши мумкинлигини таъкидлаб, Инфантино иштирокидаги қарор жараёнини ҳам текширишни талаб қилган.

FairSquare вакили Ник Макгихан NRK нашрига берган изоҳида агар ахлоқ қўмитаси шикоятни кўриб чиқмаса, бу FIFA президентининг жавобгарлиги масаласи жиддий савол остида қолишини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Норвегия FIFA

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг