Норвегия ва Португалия ҳам Жаҳон чемпионатига йўл олди

Спорт

image
Бу менинг охирги Жаҳон чемпионатим бўлади – Роналду north_east

Бу менинг охирги Жаҳон чемпионатим бўлади – Роналду

Кеча, 16 ноябрь куни Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасида бир қатор учрашувлар бўлиб ўтди. Унда Норвегия 1998 йилдан бери илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланмани расмийлаштирди. Португалия эса Арманистон устидан 9:1 ҳисобидаги ғалаба эвазига гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб, кетма-кет 7-мундиалга автоматик равишда йўл олди.

Миландаги ўта муҳим баҳсда Столе Сольбаккен шогирдлари Италияни 4:1 ҳисобида таслим этди. Учрашув бошида Франческо Эспосито гол уриб, мезбонларга умид бағишлаган бўлса-да, иккинчи бўлимда норвеглар бутунлай бошқа жамоага айланди.

Иккинчи бўлим аввалида Антонио Нуса ҳисобни тенглаштирди, шундан сўнг Эрлинг Ҳоланд икки дақиқада иккита гол уриб, ўйиннинг тақдирини ҳал қилди. Якунда Йорген Странд-Ларсен ҳам гол киритиб, Норвегиянинг йирик ва тарихий ғалабасини мустаҳкамлади. Бу натижа Италия учун кетма-кет учинчи мундиални ҳам плей-оффдан кейин қўлдан чиқариш хавфини кучайтирди.

Роберто Мартинес бошчилигидаги Португалия Арманистонга қарши беллашувда 9:1 ҳисобидаги йирик ғалабани қўлга киритди. Португалиянинг илк голини Ренато Вейга урган бўлса, кейинроқ Гонкало Рамуш, Франсишку Консейсан ва иккита пенальти билан Фернандеш ўз номини таблога ёздириб борди. Невеш эса учала голи билан баҳс юлдузига айланди. Криштиану Роналду қизил карточка туфайли ушбу учрашувни ўтказиб юборди.

Бу ғалаба Португалияга гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритишга имкон берди. Жамоа энди мундиалга тайёргарликка киришади. Шу тариқа, ЖЧга йўл олган жамоалар сони 32 тага етди. Яна 16 та йўлланма қолди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хорватия Фарер ороллари устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, мундиал йўлланмасини қўлга киритган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳон чемпионати Португалия Норвегия Эрлинг Ҳоланд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг