Оҳангарон тумани ҳокими ҳам ишдан олинди
Жамият
−
09 Декабрь 10153 2 дақиқа
Бугун, 9 декабрь куни Халқ депутатлари Оҳангарон туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди ва унда туманга янги раҳбар тайинланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Сессияда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича галдаги муҳим вазифалар юзасидан маъруза қилди. Сўнгра сессияда ташкилий масала кўрилди.
Туман ҳокими лавозимида ишлаб келган Дониёр Мадиримов вазифасидан озод қилинди. У 2024 йилнинг май ойида ушбу лавозимда иш бошлаганди.
Зойир Мирзаев Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган ва Президент Шавкат Мирзиёев тегишли қарори билан 2025 йил 9 декабрь куни лавозимидан озод этилган Баҳромжон Тўраевич Норқобилов номзодини Оҳангарон тумани ҳокими лавозимига тавсия қилди. Халқ депутатлари туман кенгаши уни туман ҳокими этиб тасдиқлади.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг ёзишича, сессияда Президентнинг кадрлар бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Пўлат Бобожонов ҳам иштирок этган.
Маълумот учун, Баҳромжон Норқобилов 1973 йилда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида туғилган. У 2020 йил 24 январдан буён ушбу лавозимда ишлаб келаётган эди. 2024 йил 24 августда “Содиқ хизматлари учун” медали билан мукофотланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 ноябрь куни Оҳангарон шаҳрида бўлиб ўтган Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида шаҳар ҳокими ҳам ишдан олинганди.