БААга киролмаган ўзбеклар, 34 йиллик орзуси ушалган, қарзи ва нархлар ошаётган Ўзбекистон – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
08 Июнь 9984 14 дақиқа
Охирги вақтларда коммунал тўловларнинг ошиб бориши, қўлдан пул қочиши, нарх-навонинг қимматлашиши, газ, сув, “свет”, ейиш ва кийишдан орттирилмаётган ва жарималар балларининг ишга тушишидан ёзғираётган ўзбекистонликлар учун бу ҳафта ҳақиқатдан қувончли келди. Мамлакатда маошлар оширилди, афсуски, ошган ойликлар қўлга тегмай, яна нархлар ошишни бошлади. Минглаб ўзбекистонликлар Ҳаж амалларини адо этди. Ва сўнгги ҳафтанинг, таъбир жоиз бўлса, охирги 34 йилликнинг энг муҳим хабари, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати йўлланмани қўлга киритди. Спорт ўйинларини қўллаш орқали катта даромад топишни мақсад қилиб, онлайн қиморга пул тиккан, 19 яшар йигит эса ўзини осиб ўлдирди. 24 ёшли қизнинг жонсиз жасади эса Қибрайдаги ГЭС ҳудудидан топилди. Шу бошқа қатор хабарлар шарҳи билан QALAMPIR.UZ Ҳафта воқеалари таҳлили билан Қамариддин Шайхов.
Президент оиласи билан ҳайитни нишонлади
Сиз кўриб турган ушбу сурат оила институти билан доимий мақтаниб келадиган Ўзбекистоннинг намунавий ёки айтайлик, одатий оилаларини акс эттиради. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва биринчи хоним Зироат Мирзиёеванинг биргаликда тушган суратини уларнинг кенжа қизи Шаҳноза Мирзиёева ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига жойлаштирди.
“Байрамлар инсонларни бирлаштиради. Улар бизга энг асосий нарсаларни – оила, анъаналар ва ҳақиқий қадриятларни эслатади. Бугун менинг ота-онам, мамлакатимиз бўйлаб минглаб оилалар каби, биргаликда таом тайёрлашмоқда. Бу нафақат қувончли ва самимий лаҳза, балки биз асраб-авайлаб, авлоддан авлодга ўтказиб келаётган бой маданиятимизнинг бир қисми”, деган у.
Оила дегани пул дегани, бир том остида яшаш, фарзандларни биргаликда тарбия қилиш дегани. Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда янги тузилган оилалар 43,8 мингтани, ажримлар эса 11,5 мингтани ташкил этмоқда. Бу тузилган оилаларнинг 26 фоизи ажрим ёқасига келиб қолмоқда дегани. Ижтимоий муаммоларни ҳал қилмай туриб эса оилани асраб қолиш хусусида бош қотириш ярамайди. Моддий эмас, маънан тўкис оилада, ота-она меҳри ва тарбиясини кўриб улғайган болаларнинг кўрсатадиган натижалари ҳам бошқача бўлади. Оила тўкис бўлиши учун энг аввало иш билан таъминлаш даражаси шу мамлакатнинг ўзида юқори ва маошлар бозордаги шароитга мос бўлиши керак. Охирги йилларда эса давлат буни яхши тушунмоқда.
Масалан, тугаётган ҳафтада Президент иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни ошириш тўғрисида фармонни имзолади. Унга кўра, 2025 йил 1 июлдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар ҳамда кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўловлари миқдорлари 10 фоизга оширилади.
Ёшга доир энг кам пенсия миқдори – ойига 918 000 сўм, ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори – ойига 1 012 000 сўм, кам таъминланган оилаларга болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори – 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун – 360 000 сўм, 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун – 275 000 сўм, оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча – 165 000 сўм, оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун қўшимча – 110 000 сўм, кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори – 420 000 сўм этиб белгиланмоқда. Фақат давлатнинг гарданида қолаётган ва кўпинча эътирозларга сабаб бўладиган асосий масала – ўша бола пулларини тайинлашдаги адолатни таъминлаш. Одамлар қуйи тизимларда бола пулини тайинлашдаги бошбошдоқликлардан кўп шикоят қилади.
1 августдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади.
Бундан ташқари, 1 июлдан бошлаб пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 471 000 сўм этиб, 2025 йил 1 августдан бошлаб эса меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 1 271 000 сўм, базавий ҳисоблаш миқдори – 412 000 сўм этиб белгиланади. Бу дегани йўл қоидаларини бузиш билан боғлиқ жарималар ҳам оширилишини англатади.
Иш ҳақи, пенсия ва бошқа тўловлар ошиши ҳақидаги фармон чиқмай туриб, бозорларда нарх-наво кўтарилиши бошланди. Хусусан, Қурбон ҳайити куни Чиғатой бозорида 750 граммлик қаймоқ нархи 80 мингдан 100 минггача, ўрта шаклдаги патир нонлар нархи, одатда 6 минг сўмдан сотиладиган, 10 мингдан 20 минггача бўлди. Одатда нарх-наво масаласида гап кетганда одамларнинг давлатда у ё бу шаклда шикоят қилишига одатланиб қолганмиз, лекин бу гапларнинг қанчалик адолатли эканига нарх-навони белгилаш ўша одамларнинг ўзига қолганда нима бўлишига қараб баҳо бериб, хулоса қилаверасиз. Халқда эски бир гап бор: шу аммамга шу поччам. Нарх-наволарни сунъий ошириб, халқнинг тўйидан ва азасидан фойдаланиб қолишга уринаётганларга инсоф сўраймиз, холос.
Ўзбекистон тарихда илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатига чиқди
Ўзбекистон 34 йил деганда Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Айтиш ўринли бўлса, Ўзбекистон тарихи 5 июнь куни қайтадан ёзилди. Жаҳон чемпионати-2026 турнири Осиё минтақаси саралаш босқичи доирасида Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоаси Ўзбекистон миллий терма жамоасини ўзининг “Ал-Наҳайён” стадионида қабул қилди ва Темур Кападзе бошчилигидаги Ўзбекистон футболчилари ўйинни 0:0 ҳисобида якунлади.
Ўзбекистон Президенти футболчиларга қўнғироқ қилиб, уларни бирма-бир мундиалга йўлланма билан табриклади.
Футбол ассоциациялари халқаро федерацияси (FIFA) раҳбари Жанни Инфантино ҳам узоқ куттирмай, видеотабрик билан чиқиб, Ўзбекистон Миллий терма жамоасини ютуқ билан табриклади. Президент Шавкат Мирзиёевга табрик мактубини йўллади.
Давлат раҳбари “Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари ва мураббийларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унга кўра, МТЖ бош мураббийи Темур Кападзе ва жамоанинг 25 нафар ўйинчиси Ўзбекистон ифтихори унвони, Футбол ассоциацияси президентининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотланди. Шунингдек, уларга Президент совғаси – BYD автомобиллари топширилади.
Футболчилар 6 июнь куни Ўзбекистонга қайтиб келди. Уларни аэропортда Бош вазир Абдулла Арипов, ДХХ раиси – Футбол Ассоциацияси президенти Баҳодир Қурбонов, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов кутиб олди.
Футболчиларни тантанали кутиб олиш, уларга мукофотларни топшириш маросими келгуси ҳафтада ўтказилиши режалаштирилмоқда. Шу ўринда гап келганда айтиб олайлик: Ўзбекистоннинг Миллий Терма Жамоасининг БАА миллий терма жамоасига қарши ўйини Бирлашган Араб Амирликларда хавфсизлик чоралари айнан ўзбекистонликларнинг хурмача қилиқлари сабаб кучайтирилган бир вақтга тўғри келди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Дубайда яҳудий раввини Цви Коган уч нафар ўзбекистонлик томонидан ўлдирилиши ўзбекистонликларга нисбатан кучайтирилган назорат тадбирларига сабаб бўлган эди. Ортидан, жорий йилнинг апрель ойида гуруҳларга бўлинган ўнлаб ўзбекистонликлар Дубайда жанжаллашиб, муштлашган. Пичоқбозликка уланган муштлашув оқибатида бир ўзбекистонлик вафот этган, 15 киши қўлга олинган. Ушбу воқеалар фонида эса Ташқи ишлар вазирлиги ўзбекистонликларни вазият шу шаклда давом этадиган бўлса, бу БААга визасиз кириш режими бекор қилинишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантириб чиқди. БАА визасиз режимни бекор қилмаган бўлса-да, ушбу мамлакатга кириш ўзбекистонликлар учун аввалгидек осон эмас. Энди одамларимиз аэропортларда соатлаб ичкарига киришни кутяпти. Шубҳали кўринганлар қайтариб юбориляпти. Бу тартиб Миллий терма жамоа ўйинини томоша қилиш учун борган мухлисларга нисбатан ҳам ишлади. Айниқса, аэропортлардаги фейс-контрол “Ал-Наҳайён” стадионига киришда ҳам амал қилди. Бироқ, шунда ҳам ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқлар орқали шикоят қилиб, БААни ўзбекистонликларни мамлакатга ёки стадионга киритмаслик орқали давлатлараро муносабатларга таъсир ўтказиш, футболчиларнинг кайфиятига дахл қилишга айблади. Нега айблаймиз, қани айтинг, қовун туширган ўзимиз эмасми? Америкада ҳам қочган-қувган ўзбек бўлса, Дубайда қотиллик содир этаётган ҳам ўзбек бўлса, бировнинг жондан азиз фарзандининг калласини олаётган ҳам ўзбек энагаси бўлса, ёш қизларни зўрлаётган ҳам ўзбекистонлик бўлса, камига бир-бирини пичоқлаётганлар ҳам ўзбекистонликлар бўлса, айбни ўзимиздан ҳам қидириб кўриш вақти келмадими, мабодо? Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турган қайси миллат вакиллари бир-бирига пичоқ ўқталаётгани ёки кимнидир келиб ўлдириб кетаётгани, қайсидир қизни зўрлаётганини кўряпсиз? Эви билан-да энди шармандалик ҳам, кейин бунинг ортидан чиқиб шикоят қилиш ҳам...
Россияда 15 ёшли қизга тажовуз қилишда гумонланган ўзбекистонлик ушланди
Бироз аввал айтганимдек, тугаётган ҳафтада Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида полиция ходимлари 15 ёшли мактаб ўқувчисига тажовуз қилишда гумонланган Ўзбекистон фуқаросини қўлга олди.
Қайд этилишича, мактаб ўқувчисига зўравонлик жорий йилнинг 31 май куни кечқурун содир бўлган. 49 ёшли Ўзбекистон фуқароси қизни Кустодиев кўчасидаги болалар майдончасидан олиб кетгани айтилмоқда. Қизнинг бедарак йўқолгани ҳақида унинг отаси полицияга хабар берган.
Мактаб ўқувчиси эртаси куни эрталаб Руднев кўчасида топилиб, шифохонага олиб борилган. Шифокорлар унинг бўйнида жароҳатлар аниқлаган.
Қизнинг айтишича, мигрант унга нисбатан жинсий характердаги зўравон ҳаракатлар содир этган. ОАВ маълумотларида айтилишича, ушбу шахс аввалроқ ўлдириш билан таҳдид қилиш айби билан судланган, бироқ унга нисбатан жиноят иши тўхтатилган.
Халқаро қидирувдаги ўзбекистонлик АҚШдан экстрадиция қилинди
Ўзбекистонда жиноят содир этиб, дунёнинг нарига бурчагига қочишга уринаётган, Туркия, Дубай, Европа мамлакатлари, Америкадан бошпана топаётганлар анчагина. Энди улар учун АҚШ ҳам хавфсизлик мамлакат эмас. Масалан, шу ҳафта Интерполнинг Миллий марказий бюроси кўмагида Америка Қўшма Штатларида қидирувдаги шахснинг жойлашган ўрни аниқланиб, Ўзбекистонга қайтарилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Интерпол Миллий марказий бюросининг ахборот кўмаги ҳамда АҚШнинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси билан яқин ҳамкорлиги туфайли мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қидирилаётган Ўзбекистон фуқароси музокаралар, қўшма тезкор ҳаракатлар ҳамда ўзаро маълумотлар алмашиш натижасида қўлга олинган ва АҚШдан чиқариб юборилган.
Ушбу шахс Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисмида назарда тутилган жиноятни, ўта йирик миқдордаги фирибгарликни содир этганликда айбланмоқда.
Билдирилишича, АҚШнинг Иммиграция ва божхона полицияси (ICE) ходимлари кузатувида у Ислом Каримов номидаги “Тошкент” Халқаро аэропортга келтирилган ва кейинчалик жавобгарликка тортиш мақсадида Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси ходимларига топширилган.
Бир ҳафтада икки ўлим
2 июнь куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги ГЭСнинг ахлат йиғиладиган ковушидан 24 ёшли қизнинг жонсиз жасади топилди.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, 2001 йилда туғилган қиз жорий йилнинг 10 май куни Қибрай туманидаги ўз уйидан номаълум томонга чиқиб кетиб, бедарак йўқолган. Олиб борилган тезкор-қидирув ҳаракатлари натижасида қизнинг мурдаси Қибрай тумани “Соҳибкор” МФЙ, Ифор кўчасидаги 11-сонли ГЭСнинг ахлат йиғиладиган ковушидан тан жароҳатларсиз топилган.
Суд тиббий экспертизасининг маълумотномасига кўра, қизнинг ўлими юқори нафас йўлларини суюқлик (сув) билан беркилишидан келиб чиққан механик асфиксия сабаб бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қибрай туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, тугаётган ҳафтада яна бир мудҳиш ўлим ҳолати аниқланди. Гап шундаки, 31 май куни тахминан соат 06:30 да Яшнобод туманининг Мавлоно Риёзий маҳалласи Истиқлол кўчаси 1-уй олдида жойлашган дарахтдан 2006 йилда туғилган, Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида яшовчи Ф.Ў. исмли йигитнинг арқонга осилган ҳолдаги мурдаси топилган.
Ҳодиса жойи тезкор-тергов гуруҳи томонидан кўздан кечирилган ва суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда айтилишича, қиморга муккасидан кетган йигит онлайн қимор платформасида катта миқдорда пул ютқазиб, ўзини дарахтга осиб ўлдирган.
Қирғизистонда депутатларга хорижга чиқиш тақиқланди
2023 йилнинг охирларида Ўзбекистон ва унинг қўшниси Қирғизистонда криминал авторитетларга қарши ўтказилган рейд тадбирларини эслайсизми? Ортидан машмашаларни келтириб чиқарган, халқаро даражадаги жиноятчилик тармоқлари очилиб кетишига олиб келган бу воқеалар давлат ичидаги муҳим лавозимдорларнинг ҳам ўриндиғидан силкитиб юборди. Хусусан, Қирғизистонда Коля Қирғиз номи билан танилган криминал авторитет Қамчибек Асанбекнинг ўлими ортидан бошланган тозалаш тадбирлари парламент депутатларигача бориб тақалди ва унда Эмил Жамғирчиев асосий нишон бўлди. Президент Садир Жапаров ва Миллий Хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевнинг тасдиқлашича, Эмил Жамғирчиев чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, ўзбекистонлик Салим Абдувалиевдан ёрдам сўраган, мамлакатни назоратга олишини ва икки танишини ўлдириб беришини илтимос қилган. Бу сирлар очилганда эса Жамғирчиев, ҳатто, парламентдаги хонаси деразасидан сакраб қочишдек шармандали вазиятга тушди.
Шунингдек, Қирғизистоннинг Сузоқ туманида яшовчи фуқаро – қишлоқ фуқаролар йиғинининг собиқ депутати ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига ўзбекистонлик “Салимбойвачча билан тушган суратини жойлаштириши ортидан уюшган жиноий гуруҳ алоқаси борликда гумонланиб, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида эътиборига тушди. Унинг сурати ҳам Салимбойнинг айнан Тошкентдаги уйида олинган. У билан профилактик суҳбат ўтказилиб, уюшган жиноий гуруҳ мафкурасидан воз кечиш мажбурияти қўйилган. Мен бўлиб ўтган бу воқеаларни нега эслаяпман. Ўзбекистонлик номи чиққан шахслар билан боғлиқ воқеалар ортидан Қирғизистонда Жогорку Кенеш депутатларига вақтинча чет эл ва ички хизмат сафарларига чиқиш тақиқланди.
Бироқ, парламент спикери Нурланбек Турғунбек бу қарорнинг қабул қилинишига олиб келган важни бошқача изоҳлашга уринган. Унинг билдиришича, 26 июнь куни парламент депутатлари икки ойлик таътилга чиқади, олдинда эса кўрилиши керак бўлган қонунлар кўп. Кворум тўпланиши зарурати билан депутатларга хорижга чиқишга тақиқ қўйилмоқда. Бироқ, бу тақиқ таътилдан кейин ҳам сақланиб қоладими ё йўқ, буниси номаълум.
Шу ўринда Қирғизистон билан боғлиқ бошқа бир масалага тўхталиб ўтсак. Апрель ойи охирида Ўзбекистон ва Қирғизистон биргаликда фойдаланиши овоза қилинган баҳсли ҳудуд – “Чашма” булоғи расман ва тўлиқ Қирғизистон балансига ўтган бўлиб чиқди. Буни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев 26 май куни Боткен вилояти Қадамжой туманидаги Айдаркен шаҳрига ташрифи давомида аҳоли билан учрашувда айтди.
Ташиев булоқнинг сув ресурсларидан аввалгидек ҳар икки давлат томонидан биргаликда фойдаланишини тасдиқлади. Бироқ Ўзбекистон томони бу борада бирорта расмий баёнот эълон қилгани йўқ. Булоқдан фойдаланиш қандай амалга оширилади, нега Қирғизистон балансига ўтказилди, эвазига нима олинди, бу саволларга Ҳукумат чуқур сукут билан жавоб қилмоқда.
Қайд этиш жоиз, 2020 йил 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Сўх тумани Чашма қишлоғининг Қирғизистон Республикаси Боткен вилояти Қадамжой тумани Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган “Чашма” булоғи бўйида Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон фуқаролари ўртасида булоқдан фойдаланиш юзасидан келиб чиққан низо оқибатида оммавий тартибсизликлар рўй берганди.
Ушбу низони бартараф этиш мақсадида Сўх тумани Чашма қишлоғига етиб борган маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига тартиббузарлар томонидан фаол қаршилик кўрсатилиб, уларга турли даражада шикастлар етказилган.
“Сўх воқеалари”га оид жиноят иши бўйича суд муҳокамаси очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида олиб борилиб, ишни кўришда 22 нафар судланувчи, 36 нафар жабрланувчи ва 21 нафар гувоҳлар сўроқ қилинган.
Чегара ҳудудидаги тўқнашув ортидан Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Сўх туманига борганди. У Боткен вилоятида Қирғизистон Бош вазири биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов билан учрашганди.
Ўзбекистоннинг ташқи қарзи миқдори очиқланди
1 апрель ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг давлат қарзи жами 42,4 млрд АҚШ долларини ташкил этмоқда. Шундан 35,6 млрд АҚШ доллари ташқи қарз, 6,9 млрд АҚШ доллари ички қарз. Бу миқдор 2025 йил учун кутилаётган ЯИМга нисбатан 33,5 фоизни ташкил этган. Халқаро меъёрларга нисбатан Ўзбекистоннинг қарзи мўътадил даражада ҳисобланади ва қарз олишнинг уятли жойи йўқ. Бу ҳақда Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисидаги Давлат бюджети ижроси муҳокамасида Бош вазир ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров гапирди.
Унинг билдиришича, иқтисодиёт кўп маблағга муҳтож. Давлат вазифаларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар инфраструктурани ривожлантириш, йўл, ичимлик суви, энергетика тармоқлари, аэропорт, темирйўл, автомобиль йўллари масалалари, мамлакат мудофаа қобилиятини, хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ харажатларнинг маълум бир қисми ташқи қарз ҳисобидан молиялаштирилади. Масалан, янги қурилаётган хонадонлар учун ипотека кредитлари бериш учун ҳам тижорат банкларини узоқ муддатга маблағ билан таъминлаш зарур бўлади. Шу каби ишлар ташқи қарз ҳисобига қопланади.
2023 йилда қабул қилинган “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонунга кўра, давлат қарзининг энг юқори миқдори ЯИМга нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги керак. Бош вазир ўринбосарининг айтишича, ҳар бир доллар олинаётган қарзга ниҳоятда синчковлик билан қаралади, қайси мақсадлар учун олинаётгани текширувдан ўтказилади. Лекин оддий ўзбекистонлик бу қарзлар одатда қайси йўналишларга, қайси банклар орқали қайси тадбиркорларга йўналтирилаётганини билмайди.
“Шаҳарлар борми, қишлоқлар борми, маҳаллаларми – ҳаммаси обод бўлиб келяпти ва бунда харажатларнинг маълум бир қисми ташқи қарз ҳисобидан амалга оширилади. Агар шундай сўз жоиз бўлса, бунинг ҳеч қандай уятли жойи йўқ. Қарз ошди деб гапирадиган одам шу билан бирга Ўзбекистон Республикасининг ЯИМ ҳам бугунги кунда 115 млрд долларга етганини ҳам айтиб ўтиши керак” дейди Қўчқоров.
Парламентдаги нутқида Жамшид Қўчқоров мамлакатда шундоқ ҳам паст даражада оширилганини урғулади. У бу ҳақда гапираркан, электр энергияси сарфи учун тўланаётган пул миқдорини телефон хизматлари учун ойлик тўловлар билан таққослади.
Унга кўра, Ўзбекистонда 7,6 миллионта электр энергияси истеъмолчилари бор. Шундан 70 фоизи ойига 300 кВт/соатгача ток ишлатади.
Тарифлар кам миқдорда ошганига қарамай, ижтимоий ҳимоя масалаларига эътибор қаратилган. Масалан, кам таъминланган оиланинг ойлик даромади жон бошига 1 миллиондан кам бўлса, 200 кВтгача ишлатилган электр энергияси тўлови базавий меъёр доирасида бўлади.
“Тарифлар оширилишида ҳеч қандай жиддий масала йўқ. Агар бир оила ойига 300 кВт/соат ток истеъмол қилса, тўлов миқдори аввалгидан 20 минг сўмга ошади, яъни 180 сўмдан 200 минг сўмга. Республикада мобил алоқа хизмати учун битта абонент камида 35 минг сўм тўлайди. Бир оилада учта телефон бор. Энергия тарифлари паст миқдорда оширилган бўлишига қарамай, ижтимоий ёрдам масалалари ҳам кўзда тутиляпти”, деган у.
Унинг сўзларига кўра, 500 кВт/соат электр истеъмол қилганлар аввал қанча тўлаган бўлса, ҳозир ҳам худди шу нархни тўлайди.
“200 кВт/соатгача бўлган электр энергияси тарифи 450 сўмдан 600 сўмга оширилди. Бунда истеъмолчи аввалгидан 30 минг сўм кўпроқ тўлайди. Аммо 201 кВтдан 500 кВтгача бўлган нарх 900 сўмдан 800 сўмга пасайтирилди. Ўртача оила ойига 500 кВт/соат электр истеъмол қилди дейлик. Нарх пасайгани ҳисобига унинг ойлик харажати ўзгармайди. Яъни у олдин 500 кВт учун 360 минг сўм тўлаган бўлса, ҳозир ҳам шунча тўлайди”, деган вазирлик раҳбари.
Энергия ресурсларининг тарифлари жорий йилнинг 1 майидан оширилди. Электр энергияси бўйича базавий тариф ставкаси 200 кВт соатгача электр энергияси ишлатилганда 450 сўмдан 600 сўмга оширилди. 201 кВтдан 500 кВт соатгача бўлса, тариф 900 сўмдан 800 сўмга камайтирилди. 501-1000 кВтгача бўлса, 900 сўмдан 1000 сўмга оширилди.
Live
Барчаси