Олимлар инсон мияси ёшининг 5 босқичини аниқлади
Бу қизиқ
−
26 Ноябрь 4094 4 дақиқа
Кембриж университети олимлари инсон мияси ҳаёт давомида бир неча аниқ белгиланган босқичлардан ўтишини аниқлади. Унга кўра, мияда асосий бурилиш нуқталари 9, 32, 66 ва 83 ёшда содир бўлади. Бу ҳақдаги тадқиқот BBC’да эълон қилинди.
Илмий ишда 90 ёшгача бўлган қарийб 4 минг киши иштирок этган. Олимлар уларнинг миясини сканердан ўтказиб, мия ҳужайралари ўртасидаги алоқалар қандай ишлашини аниқлашга ҳаракат қилган.
Кембриж тадқиқотчилари мия тахминан 30 ёшга етгунига қадар ёшлик фазасида бўлишини аниқлаган. Айнан шу ёш инсон организмининг энг юқори чўққиси деб ҳисобланади. Мутахассисларнинг фикрича, янги тадқиқот натижалари ҳаётнинг турли даврларида руҳий касалликлар ва деменция хавфи нима учун ўзгаришини тушунишга ёрдам беради.
Янги билим ва тажриба орттириш жараёнида мия доимо ўзгариб боради. Бироқ тадқиқот шуни кўрсатганки, бу туғилишдан ўлимгача узлуксиз давом этадиган бир маромдаги жараён эмас.
Бунинг ўрнига мия фаолиятининг беш босқичи мавжуд:
- болалик: туғилгандан 9 ёшгача;
- ёшлик даври: 9 ёшдан 32 ёшгача;
- балоғат: 32 ёшдан 66 ёшгача;
- эрта қарилик: 66 ёшдан 83 ёшгача;
- кечки қарилик: 83 ёшдан кейин.
Болалик даври. Бу биринчи босқичда мия тез суръатларда катталашади, аммо бир вақтнинг ўзида ҳаётнинг бошида ҳосил бўлган ортиқча нерв ҳужайралари орасидаги алоқаларни “қирқиб ташлайди”. Шу босқичда мия унчалик самарали ишламайди. У мақсадсиз равишда сайр қилаётган бола каби ҳаракат қилади – А нуқтадан Б нуқтага тўғри юриш ўрнига хоҳлаган томонга оғиб кетаверади.
Ёшлик даври. Тахминан 9 ёшдан бошлаб ҳаммаси кескин ўзгаради – миядаги алоқалар максимал самарадорлик учун қайта қурила бошлайди. Доктор Моуслига кўра, бу жуда катта бурилиш ва ўтиш инсон ҳаётидаги энг муҳим паллалардан бири. Айнан шу вақтда руҳий касалликлар юзага келиш хавфи энг юқори бўлади.
Ёшлик даврининг ўспиринлик билан чамбарчас боғлиқ эканида ажабланарли нарса йўқ. Аммо тадқиқотлар бу босқич кутилганидан анча узоқ давом этишини кўрсатмоқда. Илгари ёшлик фақат ўсмирлик йиллари билан чегараланади, деб ўйланган бўлса, кейинчалик невробиология бу жараён йигирмадан кейин ҳам давом этишини тасдиқлаган, энди эса у 30 ёшдан ошгунга қадар чўзилиши айтилмоқда.
Бу мия нейрон тармоқлари янада самаралироқ бўладиган ягона босқичдир. Моуслининг айтишича, мия фаолияти кўрсаткичлари 30 ёшдан кейинги илк йилларда энг юқори даражага етади, яъни 9 ёшдан 32 ёшгача давом этадиган босқичнинг охирида. Мутахассиснинг сўзларига кўра, миянинг битта ривожланиш босқичида шу қадар узоқ вақт қолиши жуда қизиқарли ҳолатдир.
Балоғат даври. Кейин барқарорлик даври бошланади – бу миянинг энг узун босқичи бўлиб, қарийб учта декадани ўз ичига олади. Ўзгаришлар бу вақтда аввалги йиллардаги кескин жараёнларга қараганда анча секин кечади, аммо айнан шу босқичда миянинг ривожланиш жараёни тескари томонга ўта бошлайди. Олимларнинг айтишича, бу даврда одамлар “интеллект ва шахснинг ўзига хос платоси”га чиқади.
Эрта қариш. Бу босқич тахминан 66 ёш атрофида бошланади, аммо бу миянинг кескин ва тўсатдан ёмонлашуви эмас. Аслида эса мия ичидаги ўзаро боғлиқлик схемалари ўзгаради. Бир бутун тизим сифатида ишлаш ўрнига, мия аста-секин алоҳида бўлинмаларга ажралиб, лекин ўзаро яқиндан ҳамкорлик қиладиган тузилишга ўтади – худди бир гуруҳ мусиқачиларнинг ўз алоҳида лойиҳаларига киришиб, барибир бир-бири билан ишлашда давом этиши каби. Тадқиқот соғлом мияга қаратилган бўлса-да, деменция ва қон босимига боғлиқ ўзгаришлар айнан шу ёшда кўрина бошлайди.
Кечки қарилик. Сўнгра, 83 ёшдан бошлаб якуний босқич бошланади. Бу ёш гуруҳига оид маълумотлар камроқ, чунки соғлом мияга эга етарлича киши топиш қийин бўлган. Миянинг бу босқичдаги ўзгаришлари эрта қариш давридагига ўхшайди, бироқ янада кучлироқ ифодаланади. Доктор Моусли ёш ўтишларининг ҳаётдаги муҳим даврлар – ўсмирлик, соғлиқ билан боғлиқ муаммолар ва ҳатто 30 ёшдаги катта ҳаётий ўзгаришлар, масалан, фарзанд кўриш билан қанчалик мос келишидан жуда ҳайратланганини айтади.
Эдинбург университети Мия тадқиқотлари маркази директори профессор Спайрс-Жонснинг айтишича, тадқиқот натижалари ҳозирги кунда мия қариши ҳақидаги тушунчалар билан “жуда яхши уйғунлашади”, аммо “ҳамма ҳам айнан тадқиқотда айтилган ёш даврларида бир хил ўзгаришларни бошдан кечирмайди”.
Live
Барчаси