Олимлар миянинг эрта қариш сабабини фош этди

Бу қизиқ

image

Фудзита соғлиқни сақлаш университети ва Токио тиббиёт фанлари институтининг олимлари миянинг тез қаришига ишора қилувчи, турли хавотир бузилишлари билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган янги биомаркерни аниқлади. Бу ҳақда “Neuropsychopharmacology” хабар берди.

Тадқиқот давомида мутахассислар турли асаб ва руҳий касалликлардан азият чекадиган 17 хил сичқон модели генетик профилини таҳлил қилиб, гиппокампнинг “гиперпишганлиги” деб аталувчи ҳолатни кузатган. Гиппокамп – бу ҳиссиёт ва хотира учун жавоб берадиган мия соҳаси бўлиб, ундаги нерв ҳужайраларининг ҳаддан ташқари тез ривожланиши ва қариши натижасида хавотир даражаси ошади ҳамда ҳиссиётларни бошқариш бузилади.

Тадқиқот раҳбари Хидео Хагихарининг сўзларига кўра, гиппокампнинг тезлашган етилиши хавотир, депрессия ва шизофрения каби руҳий ҳолатларнинг умумий молекуляр асоси бўлиши мумкин. Олимлар бу белги келажакда янги диагностик восита сифатида ишлатилишига, шунингдек, мия “эрта қариши” билан боғлиқ руҳий касалликларнинг олдини олиш ва даволаш усулларини ишлаб чиқишда асос бўлишига умид билдирган.

Бошқа тадқиқотларга кўра, мунтазам жисмоний фаолият масалан, аэроб машқлар миянинг қариш жараёнини секинлаштиради ва когнитив (билиш) функцияларни яхшилайди. Шунингдек, фаол ижтимоий ҳаёт кечириш, фикрлашни талаб қилувчи машғулотлар билан шуғулланиш, масалан, бошқотирмалар ечиш ёки янги тилларни ўрганиш мия соғлиғини сақлашга ёрдам беради.

Агар ушбу тадқиқот натижалари тасдиқланса, бу руҳий бузилишларни даволашда янги имкониятлар очади ва бундай касалликлардан азият чекаётган инсонларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилади. Мия ҳолатини ва унинг қариш жараёнини баҳолашда янги биомаркерлардан фойдаланиш эса эрта ташхис ва касалликларнинг олдини олишда муҳим роль ўйнаши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бразилиянинг Риу-Гранди-ду-Сул Федерал университети олимлари Америка райҳони экстракти мия қаришини секинлаштириши ҳамда оксидловчи стресс ва яллиғланишни камайтиришини аниқлагани ҳақида хабар берилган эди.

Моҳичеҳра Қадамова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

мия қариш биомаркер Гиппокамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг