Ойига 5 млн сўм қалам ҳақи: ижодкорларга катта имтиёзлар берилмоқда

Маданият-санъат

image

Ўзбекистонда йил давомида энг яхши натижа кўрсатган ижодкорларга қатор имтиёзлар берилмоқда. Бу ҳақда бугун, 1 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашувида маълум қилинди.

Қайд этилишича, ҳар йили “Миллий ижодкорлар қурултойи” ўтказилади. Бу 21 та ижодий бирлашманинг ўзига хос йиллик ҳисоботи бўлади.

Қурултойда бирлашмаларнинг йил давомида энг яхши натижа кўрсатган ижодкорларининг бадиий кечаси ташкил қилинади ва улар муносиб тақдирланади.

Мисол учун, мусиқа соҳасида камида 10 та қўшиқ ёки мусиқа яратган, халқ артисти, хизмат кўрсатган артист унвонини олган ёки халқаро танловлар ғолиблари бўлган, асарлари мамлакат ва халқаро саҳналарда ижро этилаётган қўшиқчи, созанда ва композиторлар; адабиёт соҳасида юқори даражада эътироф этилган бадиий китоб муаллифи бўлган, яратган асари 50 минг нусхадан зиёд чоп этилган, ижод маҳсули театр ва кинода саҳналаштирилган, шеърлари “хит” қўшиққа айланган шоир, ёзувчи ва драматурглар тақдирланади.

Уларга йил давомида ҳар ойда 5 миллион сўмдан қалам ҳақи берилади, Ўзбекистон бўйлаб самолёт, поезд ва жамоат транспортидан бепул фойдаланади. Ихтисослашган тиббиёт марказларида даволаниш харажати тўлиқ бюджетдан қопланади. Уларнинг маҳорат мактаби ва ижод уйлари ташкил этилади.

Президент совриндорлар кейинги йили ҳам ижодини тўхтатмай янги натижалар қилса, юқоридаги имтиёзларни олишда давом этиши ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлаган.

Ёш истеъдодлар, уларнинг устозларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 сентябрдан бошлаб республика танлови ғолибларига 100 миллион сўм, нуфузли халқаро танлов совриндорларига эса 300 миллион сўмгача мукофот берилади ва иштирок этиш харажатлари тўлиқ қопланади. Уларнинг устоз ва мураббийларининг ойлик маошига 100 фоизгача устама тўланади.

Бундай имтиёз ва енгилликлар хусусий ижодий гуруҳларга ҳам татбиқ этилади.

Ҳар йили 100 нафар ёшнинг давлат ҳисобидан хорижий маданият-санъат даргоҳларида таълим олиши йўлга қўйилади.

Мамлакатдаги ёш истеъдодларни аниқлаб, юзага чиқарадиган, продюсерларни қўллаб-қувватлайдиган бизнес лойиҳаларини кўпайтириш мақсадида “Ижодга инвестиция” жамғармаси ташкил этилади ва йилига 200 миллиард сўм берилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев ижодкор Миллий ижодкорлар қурултойи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг