Перуда муваққат президент сайловга 2 ой қолганида лавозимидан четлатилди
Олам
−
18 Февраль 787 2 дақиқа
Перу Конгресси мамлакат муваққат президенти Хосе Херини лавозимидан четлатиш учун овоз берди. У коррупция ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда гумон қилиниб тергов қилинмоқда. Қарор умумий сайловларга икки ойдан кам вақт қолганида қабул қилинди. Бу ҳақда бугун, 18 февраль куни “Associated Press” хабар берди.
Парламент маълумотига кўра, Херининг истеъфоси учун 75 депутат овоз берган, 24 нафари қарши чиққан, яна уч депутат бетараф қолган.
Хосе Хери 2025 йил 10 октябрдан буён муваққат президент лавозимида ишлаб келаётган эди. У мамлакатда жиноятчилик кучайгани фонида Дина Болуарте лавозимидан четлатилгач, ушбу мансабни эгаллаган. Унинг истеъфоси 2016 йилдан бери Перуда давом этаётган сиёсий инқирознинг навбатдаги эпизодига айланди – шу давр ичида мамлакатда еттита президент алмашган.
Тергов 2025 йил декабрь ойида Херининг икки нафар хитойлик тадбиркор билан ўтказган норасмий учрашуви ҳақидаги ҳисобот сизиб чиқиши билан боғлиқ. Улардан бири амалдаги давлат шартномаларига эга, иккинчиси эса ноқонуний ўрмон кесиш иши бўйича тергов қилинмоқда. Хери айбловларни рад этиб, учрашув маданий тадбир тайёргарлигига бағишланганини таъкидлаган.
Энди парламент депутатлар орасидан янги муваққат президентни сайлаши керак. У 12 апрелга белгиланган сайловлар ғолиби 28 июль куни ҳокимиятни қабул қилиб олгунига қадар давлат раҳбари вазифасини бажаради. Хери эса амалдаги чақириқ муддати якунига қадар Конгрессдаги фаолиятини давом эттиради.
Янги муваққат етакчи номзоди бўйича овоз бериш парламент фракциялари ўз номзодларини рўйхатдан ўтказгач, бугун 18 февраль куни ўтказилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Перу суди мамлакат собиқ президенти Мартин Вискаррани пора олишда айбдор деб топгани ва унга 14 йиллик қамоқ жазоси тайинлагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиАрманистонда отишма юз берди. Қурбон бор
18 Февраль