Президент айрим масъуллар одамларнинг давлатга ишончига путур етказаётганини айтди

Жамият

image

Аҳоли мурожаатларига юзаки жавоб берилаётгани одамларнинг давлатга бўлган ишончига путур етказмоқда. Бу ҳақда бугун, 13 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилишида сўз борди.

Ўтган йили Халқ қабулхоналарига ҳокимларнинг ўзи раҳбар қилиб тайинланган. Йиғилишда Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарё, Хоразм, Сирдарёда раҳбарларнинг ўзи шуғуллангани учун ҳудудидаги мурожаатлар 25-30 фоизга камайгани, аҳоли кўтарган масалаларнинг 60-70 фоизи ижобий ҳал бўлаётгани таъкидланган. Лекин қолган ҳокимлар ва айрим вазирлар ҳали бу борада кескин ўзгариш қилмагани кўрсатиб ўтилган.

Масалан, Тошкент шаҳрида 170 минг ва Тошкент вилоятида 110 минг мурожаатнинг ярмидан кўпи ечимини топмаган. Сурхондарё, Самарқанд, Тошкент шаҳрида такрорий мурожаатлар кўпайган.

Мисол учун, фуқаро январь ойида мактаб ўқувчиси Сергелидан оқиб ўтадиган “Жунариқ” каналига тушиб кетганини айтиб, бузилган кўприкни қайта тиклашни сўраган. Бу масалага икки ой давомида бирорта масъул эътибор қаратмаган, мурожаатга юзаки жавоб берилган.

Ҳолат ижтимоий тармоқда тарқалганидан кейингина маблағ ҳам топилган, кўприк ҳам қурилган. Мурожаатлар билан ишлашдаги бундай камчиликлар одамларнинг давлатга бўлган ишончига путур етказаётгани кўрсатиб ўтилган.

Халқ қабулхоналарига келаётган мурожаатларнинг катта қисми Ички ишлар (148 минг), Мажбурий ижро бюроси (134 минг), Энергетика (88 минг), Бандлик (60 минг) ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига (56 минг) тегишли экани қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев ушбу йиғилишда Бухоро, Кармана, Учқудуқ, Сардоба, Ховос, Бўстонлиқ туманлари, Ангрен, Ғозғон шаҳар ҳокимлари маҳалладаги 4-5 нафар одам билан “номига” гаплашиб, сайёр қабул ўтказиб юрганини танқид қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилиши Халқ қабулхоналари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг