Президент Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини зиёрат қилди
Жамият
−
08 Май 3031 2 дақиқа
Бугун, 8 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини зиёрат қилиб, байрам билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, давлат раҳбари Қуролли Кучлар Бош ҳарбий клиник госпиталида Акмал ота Акрамов, Вера Журавская, Ҳасанбой ота Халматов ва Владимир Алексейков билан дилдан суҳбатлашган. Нуронийларнинг ҳол-аҳволи ва саломатлиги билан қизиққан. Уларнинг машаққатли ҳаёт йўли ҳамда кўрсатган жасоратларини алоҳида эътироф этган.

“Сизлар тарихнинг жонли гувоҳи, матонат тимсолисизлар. Сиздек табаррук инсонлар билан учрашиш, ўгитларингизни тинглаш бизга катта маънавий куч бағишлайди. Халқимиз сизлар билан ҳақли равишда фахрланади. Бугунги тинч ва озод кунлар, авлодларнинг бахтиёр истиқболи сизларнинг мислсиз фидокорлигингиз маҳсулидир. Сизларнинг ибратли ҳаёт йўлингиз ёшларимиз учун ҳақиқий матонат мактабидир”, дейди Президент.

Президентнинг жорий йил 16 апрелдаги қарорига мувофиқ, уруш ва меҳнат фахрийларига юксак даражада эҳтиром кўрсатилмоқда.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт орти фахрийлари ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари давлатнинг доимий ғамхўрлигида. Уларга моддий ва маънавий кўмак бериш баробарида саломатликларини тиклаш учун республикамизнинг энг яхши санаторийларига имтиёзли йўлланмалар ажратилган.

“Яратган сизларга ватанпарварлик ва фидокорона меҳнатингиз мукофоти сифатида узоқ умр, эл-юрт ардоғида яшаш бахтини ато этган. Сизларнинг дуоларингиз юртимиз учун омонлик, ишларимизга баракадир”, дейди Президент.

Учрашувда нуронийлар Ўзбекистонда тарихий хотирани тиклаш, кексаларни эъзозлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги Ғалаба боғига ташриф буюриб, “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси