Путин АҚШнинг янги санкцияларидан хавотирда – Трамп

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп  россиялик мавқедоши Владимир Путин билан 3 июль куни бўлиб ўтган сўнгги телефон мулоқоти чоғида Россиянинг Украинадаги уруши сабабли АҚШ санкцияларини кучайтириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганини ва Путин, унинг сўзларига кўра, бу истиқболдан хавотирда ва санкциялар жорий этилиши мумкинлигини тушунганини айтди. Бу ҳақда Трамп кеча, 4 июль куни Air Force One самолёти бортида журналистларнинг саволларига жавобан маълум қилди. 

Трамп Путин билан Украинадаги можаро юзасидан қилган телефон қўнғироғидан жуда норози эканини айтиб, Россия раҳбари “одамларни ўлдиришда давом этмоқчи” эканини таъкидлади.

“Бу жуда қийин вазият. Президент Путин билан мулоқотдан жуда норози эканимни аллақачон айтдим. У охиригача боришни хоҳлайди, шунчаки одамларни ўлдиришда давом этаверади, бу яхши эмас”, деди Трамп.


Америка Президенти, шунингдек, журналистларга Украина Президенти Владимир Зеленский билан телефонда гаплашгани ва у билан Киевга Patriot ҳаво мудофаа тизимлари учун ракеталарни юбориш имкониятини муҳокама қилганини айтди.

“Бу уларга мудофаа учун керак бўлади... Уларга нимадир керак бўлади, чунки улар жуда қаттиқ зарба қабул қилиб олишмоқда”, деди Трамп.

У Patriot ракеталарининг самарадорлигини юқори баҳолаб, бу қуролларни “жуда таъсирли” деб атади.

Аввалроқ АҚШ кутилмаганда Украинага муҳим ўқ-дорилар, жумладан Patriot учун ракеталарни етказиб беришни тўхтатгани маълум бўлган эди. Оқ уй буни Америка арсеналлари тугашидан хавотир билан изоҳлади.

“The Wall Street Journal” нашрига кўра, тўхтатилган пайтда ўқ-дорилар аллақачон Польшада бўлган. Улар орасида 20 дан ортиқ Patriot PAC-3 ракеталари, 20 дан ортиқ Stinger зенит тизимлари, Hellfire ҳаво-ер бошқариладиган ракеталари, 90 дан ортиқ AIM ҳаво-ҳаво ракеталари ва бошқа тизимлар бор эди.

Украина, айниқса, Россия ҳаво ҳужумларининг кучайиши фонида содир бўлган воқеалардан жуда хавотирда.

Зеленский Украина қуролли кучлари қўллаётган қуролларнинг учдан бир қисми Американикии эканини таъкидлади.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг Киевдаги вақтинчалик ишлар вакили Жон Хинкелни суҳбатга чақириб, унга “Украина мудофаа қобилиятини қўллаб-қувватлашдаги ҳар қандай кечикиш ёки иккиланиш тажовузкорни тинчликка интилишдан кўра уруш ва террорни давом эттиришга ундайди, холос”, деб айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Путин Украина Владимир Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг