Рақиб жамоа мухлисига тупурган футболчи жазоланди
Спорт
−
06 Декабрь 1251 2 дақиқа
Англиянинг “Бёрнли” жамоаси ярим ҳимоячиси Ҳаннибал Межбри жорий йилнинг 18 октябрь куни “Лидс” мухлисларига тупургани учун тўрт ўйинга дисквалификация қилинди ва 15 минг фунт стерлинг жаримага тортилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
22 ёшли Межбри Англия футбол ассоциацияси (FA) томонидан номақбул хатти-ҳаракатларда айбланганини тан олди ва жорий йилнинг 30 декабрь куни жамоасининг Премьер-лига доирасидаги “Ньюкасл”га қарши уй ўйинигача майдонга қайта олмайди.
Воқеа жорий йилнинг 18 октябрь куни “Бёрнли” “Лидс” устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган ўйиннинг 67-дақиқасида содир бўлган. Ланкашир полицияси “Лидс” мухлиси томонидан қилган шикоятни ўрганиб, масалани тартибга солиш комиссиясига юборган.
“Ўйинчи ўйиннинг қоидаларини бузган ва номақбул ҳаракат қилган, у 67-дақиқада “Лидс” мухлисларига тупуриш орқали ҳақоратомуз ва ноўрин хатти-ҳаракатлар қилганини тан олди. Тартибга солиш комиссияси тингловдан сўнг уни тўрт ўйинга дисквалификация қилди ва 15 минг фунт стерлинг жарима жазоси тайинлади”, дейилади FA баёнотида.
Ушбу дисквалификация туфайли Межбри жамоасининг “Нюкасл”, “Фулхэм”, “Борнмут” ва “Эвертон”га қарши ўтказиладиган ўйинларни ўтказиб юборади.
Межбри “Бёрнли” сафида барча мусобақаларда 50 ўйин ўтказиб, битта гол урган. Тунислик ярим ҳимоячи 2024 йил августида “Манчестер Юнайтед”дан 9,4 миллион фунт стерлинг эвазига “Бёрнли” жамоаси сафига келиб қўшилган эди.
Маълумот учун, ҳозирда “Бёрнли” жамоаси Премьер-лига турнир жадвалида 19-ўринда бормоқда.
Live
Барчаси