Россия дрони энди Руминия ҳаво ҳудудини бузди
Олам
−
15 Сентябрь 10057 2 дақиқа
Украинага зарба беришда қўлланилган Россия дрони 13 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 18:05 да Руминия ҳаво ҳудудига кирди. Бу ҳақда Руминия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Бу воқеа ҳафтанинг бошида Россия дронлари Польша ҳаво ҳудудини бузгани ва уларни поляк қирувчи самолётлари томонидан уриб туширилганидан кейин рўй берди. Шундан сўнг, НАТО иттифоқчилари Шарқий қанот мудофаасини кучайтиришга ваъда берди.
Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, иккита F-16 қирувчи самолёти дронни тўхтатиш учун ҳаво патрулига чиқди ва дронни уриб туриш учун унга яқинлашди. Дрон тахминан 50 дақиқа давомида ҳавода айланиб юрганидан кейин, шимолий Добружа ҳудудидаги Пардина шаҳарчаси яқинидан, Украина томон чиқиб кетган.
Вазирликка кўра, F-16 самолётлари учувчиларга дронни уриб туширишга рухсат берилган, аммо эҳтимолий қурбонлар ва зарар хавфини баҳолаб, ўқ узмасликка қарор қилинган.
“Мудофаа вазирлиги Россия Федерациясининг масъулиятсиз ҳаракатларини қатъий қоралайди ва улар Қора денгиз минтақасидаги хавфсизлик ва барқарорликка янги таҳдид эканини таъкидлайди”, дейилади баёнотда.
Қўшимча қилинишича, бу воқеа Россиянинг халқаро ҳуқуқ меъёрларига ҳурматсизлигини кўрсатади, Руминия фуқаролари хавфсизлиги ҳамда НАТОнинг умумий хавфсизлигига таҳдид солади.
Руминия ташқи ишлар вазири кеча, 14 сентябрь куни мамлакатдаги Россия элчиси Владимир Липаевни чақиртирди. "ТАСС" давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, Липаев вазир баёнотини рад этиб, ҳодисани “Киев режими навбатдаги провокацияси” деб атаган.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас эса Руминия ҳаво ҳудуди бузилишини “ЕИ аъзоси суверенитетининг яна бир қабул қилиб бўлмайдиган бузилиши” деб қоралади.
“Бу давом этаётган бепарво кескинлашув минтақавий хавфсизликка таҳдид солмоқда. Биз Руминия билан бирдаммиз. Мен Руминия ҳукумати билан яқин алоқада турибман”, деб ёзди Каллас ижтимоий тармоқда.
Украина Президенти Владимир Зеленский 13 сентябрь куни ижтимоий тармоқда шундай ёзди:
“Бугун Руминия ўз ҳаво ҳудудига кирган Россия дрони сабабли қирувчи самолётларни ҳавога кўтарди. Ҳозирги маълумотларга кўра, дрон тахминан 10 километр мамлакат ичигача кириб, НАТО ҳаво ҳудудида 50 дақиқа давомида фаолият юритган”.
Шу муносабат билан Зеленский яна бир бор Россияга қарши санкциялар ва умумий мудофаани кучайтириш чақириқларини такрорлади.
“Қарорлар қабул қилиниши учун ўнлаб Shahed'лар ва баллистик ракеталарни кутманг”, деди у.
Россия Мудофаа вазирлиги ҳодиса юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермади.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь