Россияда ёш қизчани зўрламоқчи бўлган марказий осиёлик 14 йилга қамалди
Олам
−
28 Февраль 28281 2 дақиқа
Россия ҳудудидаги Саха Республикасида (Якутия) қирғизистонлик фуқаро 14 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Республика судларининг бирлашган матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Мирний туман суди 25 февраль куни ушбу шахсга нисбатан ҳукм чиқарган. Айблов талқинига кўра, 2025 йилнинг октябрь ойида у ноқонуний равишда бошқа бировнинг хонадонига кириб, у ердан мобил телефон, пул солинган куртка ва автомобиль калитларини олиб чиққан. Хонадаги бошқа хоналарни кўздан кечираётиб, хоналардан бирида ухлаб ётган қизчани кўрган ва уни зўрлашга уринган. Қизча қаршилик кўрсатиб, ёрдамга чақиргач, эркак воқеа жойидан қочиб, автомобилни олиб кетган.
Суд жараёнида у ўғрилик ва автомобилни олиб қочиш айбини тан олган, бироқ ноқонуний равишда уйга кириш ҳамда вояга етмаган шахсни зўрлашга уриниш айбловларини рад этган.
Суд уни Россия Жиноят кодексининг 139-моддаси 1-қисми (турар жойга ноқонуний кириш), 30 ва 131-моддалари (14 ёшга тўлмаган шахсни зўрлашга уриниш), 158-моддаси (ўғрилик) ва 166-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) бўйича айбдор деб топган.
У 14 йил муддатга қаттиқ тартибли колонияда жазони ўташга ҳукм қилинган. Шунингдек, ундан 1 миллион 500 минг рубль миқдорида маънавий зарар учун товон ундирилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида таҳсил олаётган 23 ёшли қозоғистонлик талаба Гарри Азарян Россияда терроризмни оқлашда айбланиб, 8 ой қамалиб чиққанди.
Live
Барчаси