Россиядаги мигрант болаларининг ярми мактабга бормаяпти
Олам
−
11 Июнь 3781 2 дақиқа
Россияда ота-онаси хориж фуқаролари бўлган 638 174 нафар вояга етмаган бола бор ва уларнинг ярми мактабларга бормайди. Бу ҳақда кеча, 10 июнь куни Россия Давлат думаси депутатларининг сўровига жавобан мамлакат Ички ишлар вазири ўринбосари Игорь Зубов маълум қилди.
“Уларнинг аксарияти ўқимайди, деган гап ҳақиқатга тўғри келмайди, деб ўйлайман. Лекин, эҳтимол, ярмиси қандайдир сабабларга кўра бекор юрибди”, дейди Зубов.
Шунингдек, у бундай болалар сони камайиб бораётганини маълум қилган. Зубовнинг айтишича, Москва шаҳрида 80 минг 282 нафар вояга етмаган хорижлик яшайди, улардан фақат 25 минг нафари таълим олмоқда.
Билдирилишича, кеча, 10 июнь куни Давлат думаси депутатлари биринчи ўқишда қонун лойиҳасини қабул қилган. У бўйича ҳудудий ва маҳаллий таълим бошқармалари мигрант болалар ҳақида Ички ишлар вазирлигининг тегишли бўлимларига маълумот беришга мажбур бўлади.
Бу маълумотларга қуйидагилар киради:
- рус тилини билиш бўйича тест натижалари;
- таълим муассасасига қабул қилиниши ёки чиқарилиши ҳақидаги маълумотлар;
- назорат остидаги шахслар реестрига киритилган ота-оналарнинг мактабга қилган мурожаатлари ҳақидаги маълумотлар.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрелидан бошлаб, Россияда мактабга қабул қилишдан олдин мигрант болалар рус тили бўйича тест топширишни бошлади. Имтиҳон оғзаки ва ёзма шаклда ўтказилади. Фақат 1-синф ўқувчилари учун эса фақат оғзаки қисми ўтказилади. Агар бола тестдан ўта олмаса, ўқишга рухсат этилмайди. Имтиҳонни қайта топшириш фақат 3 ойдан кейин мумкин бўлади.
Давлат думаси спикери Вячеслав Володиннинг айтишича, икки ой ичида тил бўйича тест ўз “натижасини” берган – мактабга мурожаат қилганларнинг фақат 4 фоизи қабул қилинган. 22 май ҳолатига кўра, тест топшириш учун 2868 та ариза топширилган ва фақат 17 фоиз, яъни 498 киши имтиҳонга рухсат олган.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь