“Россияга борманг 3”. Рус ўзбекни қул деди?

Таҳлил

Бу таҳқирли видео бир неча кундан буён тармоқлардаги ўзбек сегментини ғазаблантириб келмоқда. Ушбу ҳодиса акс этган тасвир илк бор 23 август куни тарқалди. Кейинчалик воқеа Москва вилоятининг Химки шаҳрида жойлашган “Солнечная система” номли тураржой мажмуасида содир бўлгани айтилди. Интернетда мавжуд маълумотларга қаралса, Химкида ростдан ҳам “Солнечная система” деган тураржор комплекси мавжуд. Аҳоли истиқомат қиладиган мазкур кўп қаватли уйлардаги бесўнақай ранглар уйғунлиги ва ундаги темир тўсиқлар эса бир неча кун олдин интернетда вирусдек тарқалган ушбу таҳқирли видеодаги тасвирларга мос тушади. Айнан ўша ранглар ва ўша темир тўсиқ. Бу эса мазкур аянчли ҳолат ростдан ҳам Россияда, Москвадаги Химки шаҳрида содир бўлганини тўлиқ тасдиқлайди. 

Аммо ушбу ҳодисада иззат-нафси ерга урилган инсон аниқ ўзбекми, уни қадр-қимматини поймол қилган нацистик руҳдаги шахс эса русми, булар ҳали аниқ эмас. Бирор бир расмий идора мазкур воқеликка аниқлик киритгани ҳам йўқ. Расмий муносабатдан мана бир неча кундирки дарак йўқ. Лекин  ушбу видеодаги қабул қилиб бўлмас ҳақоратлар ичида икки бор Ўзбекистон номи тилга олингани ва “сен русларнинг қулисан” деган ўта таҳқирли жумла ҳозирча бу суҳбат бир миллатчи ва шовинистик руҳдаги рус ҳамда Ўзбекситондан борган меҳнат муҳожири ўртасида кечганига ишора қилмоқда. Бундан ташқари, “Ўзбекистонда ҳеч нарса йўқ бўлгани боис, бу ерга келгансан” деб қайта қайта айтилган гапнинг ўзи ҳам кўп нарсаларни очиқлайди. 

Кўплаб манбаларда турлича маълумотлар. Баъзилар ҳақоратли гапларни айтган шахс маҳаллий аҳоли вакили, жабрдийда эса такси хизматларидан бирида ишлайдиган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири эканини иддао қилмоқда. Кўп эҳтимол улар ўртасидаги можаро “парковка” бўйича тушунмовчиликдан келиб чиққан. Бу эса мазкур жараённи тасвирга олиш можаро ўртасидан бошлангани, эҳтимол ўша шовинист қаршисида турган муҳожирдан аввал қаердан келганини сўраб, билиб, кейин ҳужумга ўтган деган тахминга етакламоқда. Акс ҳолда ўша миллатчи ўз-ўзидан икки бор Ўзбекистон номини тилга олмасди. Аслида ҳам воқеанинг мазмун-моҳиятига етиш учун бундан ортиқ нарса шарт эмас. Дейлик, ўша жабрдийда инсон ўзбек бўлмаган тақдирда ҳам, умумий маънода муҳожир ва бу Россияда ишлаб турган барча муҳожирларга тегишли. Ўзбек, токиж, қирғиз ва ҳоказоларга – барча мигрантларга айтилган ҳақорат бу.  

Ташқи ишлар вазирлиги нега жим?

QALAMPIR.UZ мазкур воқеа бўйича маълумотлар тақчил бўлган бир пайтда, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби билан боғланиб, баъзи нарсаларга ойдинлик киритишга ҳаракат қилди. Чунки юқорида таъкидланганидек, қадр-қиммати камситилган шахс Ўзбекистон фуқароси экани расман ўз тасдиғини топгани йўқ. Шундай бўлишига қарамай, Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов бундай ҳолатларда ҳуқуқи бузилган исталган давлат фуқароси қандай йўл тутиши лозимлигига тўхталиб ўтди. Унга кўра, бу биринчи навбатда фуқаролик масаласи ва келишмовчилик шахслар ўртасида содир бўлган. Шу боис ҳуқуқи поймол бўлган муҳожир, биринчи навбатда, Россиянинг ўзи бўлиб турган ҳудудидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига мурожаат қилиши лозим. Бу билан мулозим давлат органлари даражасида содир бўлмаган можарога Ташқи ишлар вазирлиги аралашиши тўғри эмас демоқчи.

Ростдан ҳам вазиятга объектив назар билан қаралса, бу фуқаролик масаласи эканини англаш қийин эмас. Чунки ўша ҳолатда иззат-нафси топталган муҳожирга Россия кучишлатар тузилмалари, масалан, ОМОН томонидан тажовуз қилинмаган. Унга нисбатан бир ўткинчи ёки “Солнечная Система” тураржой мажмуасида яшовчи маҳаллий аҳоли вакилларидан бири таҳдидли ҳаракатларни амалга оширган. Бундай ҳолатда дарҳол воқеа содир бўлган жойдаги ҳуқуқ-тартибот органларига шикоят қилиш лозим. Борди-ю улар тегишли чора кўрмаса, кейин Ўзбекистоннинг шу давлатдаги тегишли ваколатхоналарига мурожаат қилиш ўринли бўлади. Айни дамда Россиянинг бир қанча шаҳарлари жумладан, Санк-Петербург, Ростов на Дану, Қозон, Екатеринбург, Новосибирск ва Владивастокда Ўзбекистон консулхоналари фаолият юритади. Москвада эса элчихона. Ўз-ўзидан Химкида ишлаётган муҳожир Москвадаги элчихонага мурожаат қилса бўлади. Бу биз гаплашган Ташқи ишлар вазирлиги мулозимининг кўрсатмалари эмас, бу шунчаки ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг энг содда ва ягона усули. 

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Россияда бўлиб турган ва у ердаги кучишлатар тузилмаларнинг ғайриинсоний зўравонликларига дучор бўлганлар ортидан эътироз билдирилиши ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Масалан, жорий йилнинг 8 июнь куни ОМОН ходимлари меҳнат муҳожирларининг ҳужжатларини текшириш учун Строгинодаги ётоқхонага бостириб кириб у ердаги эркакларни, жумладан, ўзбекистонлик мигрантларни хоналардан ҳайдаб чиқаргани акс этган тасвирлар тарқалганди. Ўшанда улар урилган, тепилган, хуллас, бир сўз билан айтганда, хўрланганди. Ҳа, ҳужжатларни текшириш Россияда шундай тартибда бўлади. Ҳуқуқий маданият аллақачон жон берган бу ўлкада мазкур ҳолат одатий қабул қилинади. Тарихан босқинчи ва мустамлакачи бўлган, нафақат ўзига қарам қилинган давлатлардаги ойдинлар, балки ўз намоёндаларини ҳам қатлиом қилган бу ўлкадан бошқа нимани ҳам кутиш мумкин? 

Энди ўша воқеага Ўзбекистон томонининг муносабатига тўхталсак. 8 июндаги ҳолатдан 2 кун ўтиб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Россия томони билан ҳар ой миграция масалалари бўйича ўтказиладиган навбатдаги учрашув ташкил этилган.  Учрашувда Россия Федерацияси ҳудудида айрим ҳолатларда Ўзбекистон фуқароларига нисбатан рухсатсиз текширувлар, ҳурматсизлик ва қўпол муносабатлар кузатилаётгани тўғрисидаги хабарлар ташвиш уйғотаётгани таъкидланган. Бундай ҳолатларни олдини олиш учун аниқ чора-тадбирлар зарурлиги айтилган. Шунингдек, Ўзбекистон Россия томонини барча фуқароларга нисбатан халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларига риоя қилишни таъминлашга чақирган. Россия Федерациясининг тегишли идоралари Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишга ҳамда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмасликка чақирилган. Шунингдек, ТИВ матбуот хизмати Москвадаги ушбу ҳолат юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси томонидан нота юборилиб, Россия ТИВдан ушбу ҳолатга изоҳ бериш сўралгани ҳақида хабар берди. 

Шундан сўнг, барчанинг ишига бурун суқиб юрадиган Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова бу бўйича ўрганишлар олиб борилаётгани, барча маълумотлар Ўзбекистондаги тегишли ваколатли органларга етказилишини маълум қилганди. Аммо мана ўша воқеадан бир неча ой ўтибдики, ҳали ҳануз унинг тафсилотлари кенг жамоатчиликка номаълумлигича қолмоқда. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистондаги ҳамкасбларининг сўровини сариқ чақага илмаганми, ё маълумотлар етказилган бўлсада, бу эълон қилинмай қолиб кетганми, буниси бизга қоронғу.

Ўзбекистонлик мигрантлар тизимли сиқувга олинмоқда

Жорий йил 28 июнь куни Россиянинг энг муҳим шаҳарларидан бири бўлган Санкт-Петербургда таксопаркларга патент асосида фаолият юритадиган чет элликларни ишга олиш тақиқланганди. Мазкур чеклов “Россия Федерациясидаги хорижий фуқароларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Федерал қонунининг тегишли модда ва бандига мувофиқ, айнан “енгил автомобиллар таксиси ва ҳайдовчиси билан ижарага олинган енгил автомобиллар” соҳасига нисбатан жорий йил охиригача амал қилиши белгиланди. Санкт-Петербург губернатори фармойишида иш берувчиларга амалдаги меҳнат муносабатларини якунлаш ва ўз фаолиятини амалга ошириш учун янги ходимларни жалб қилиш учун 3 ойлик муҳлат берилди. 

Энг қизиғи, патент бу чет эл фуқаросининг Россия ҳудудида қонуний ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатдир. Уни Россия билан визасиз режим амал қиладиган давлатларнинг фуқаролари расмийлаштириши лозим. Аммо ҳаммаси ҳам эмас. Яъни, асосий ўйинчиси Россия бўлган ва Москва томонидан ўта сиёсийлаштирилган Евроосиё иқтисодий иттифоқи, деган ташкилот ҳақида кўпчилик билади. Ўз вақтида айрим иштирокчиларининг норозилигига учраган ушбу муваффақиятсиз ташкилотга аъзо бўлган давлат фуқаролари Россияда патентсиз ишлаши мумкин. Ўз-ўзидан, юқоридаги қарор уларга тегишли эмасди. Қизиқ жойи ҳам шунда. Негаки, бу патент билан ишлаши шарт бўлган давлатлардан келган мигрантларга тақиқ қўйишдан кўзланган мақсаднинг расмий версияси хавфсизликни таъминлаш, хизмат сифатини ошириш ва маҳаллий аҳоли учун иш ўринларини яратиш эди. Демак, Петербург губернатори наздида Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзолари бўлган Беларусь, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистон фуқаролари ўша иш жойларини эгаллаб олмас экан. Аммо ўша ҳеч кимга наф келтирмайдиган ташкилотдан бироз масофа сақлаган ҳолда кузатувчи мақомида турган Ўзбекистон ёки бўлмасам Тожикистон ва Кремль чангалидаги бундай бирлмашмаларга тупуриб қўйган Озарбайжондан борадиган мигрантлар ўша иш ўринларини тортиб олар экан.

Бу ҳам етмагандек, шу қарордан бир ярим ой ўтиб, 11 август куни унга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, Россияда патент асосида ишловчи мигрантларга энди курьерлик қилишни тақиқловчи банд қўшилди. Унга кўра, янги чекловлар барча турдаги транспорт воситаларида, жумладан, озиқ-овқат етказиб бериш хизматига ҳам тааллуқли экани белгилаб қўйилди. Қарор эса 21 августдан кучга кирди. Бундай ўзгаришнинг сабаби сифатида яна ўша хизмат сифати ва хавфсизликни ошириш, Россия фуқаролари, аввало ёшлар ва талабалар учун янги иш ўринлари яратиш кабилар келтирилди. 

Бир қарашда қарор абсурддек кўринади, аммо бироз ичига кирилса, аслида ундан нима кўзлангани ойдек равшан. Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғлаш салоҳиятига эга бўлиб бораётган ва Марказий Осиё дарвозаси ҳисобланган Ўзбекистонни ўша ҳеч кимга керак бўлмаётган ташкилотга қўшишга ундаш, бундан бошқа ҳеч нарса эмас. Бу тузилманинг ўзи эса 2014 йил ташкил этилган. Ҳозиргача унга Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия каби давлатлар тўлиқ аъзо ҳисобланади. Ўзбекистон, Эрон ва Куба кузатувчи мақомида. Расмий Тошкент бу тузилмада 5 йилдан буён, аниқроқ қилиб айтганда, 2020 йилдан бери шунчаки кузатувчи мақомида. Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик ва унга аъзо бўлган давлатларнинг розилигини олишни тезлаштирган бир пайтда Россиянинг бу форматдаги ташкилотига тўлиқ қўшилиши амримаҳол.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрант Москва ЕОИИ Химки

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг