Рубио Эрондаги “Эпик ғазаб” операцияси якунланганини эълон қилди (видео)

Олам

image

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио АҚШ томонидан Эрон ҳудудида ўтказилган “Эпик ғазаб” номли ҳарбий операция якунланганини маълум қилди. Бу ҳақда у кеча, 5 май куни Оқ уйда ўтган матбуот нжуманида сўз очди.

Унинг айтишича, операция 28 февраль куни бошланган ва қўйилган мақсадларга эришилгач тугатилган.

“Президент Конгрессни хабардор қилганидан сўнг биз ушбу босқични якунладик. Энди эса “Озодлик лойиҳаси” операциясини бошладик”, деган Рубио.

Янги операция АҚШ Президенти Дональд Трамп ташаббуси билан йўлга қўйилган бўлиб, унинг асосий вазифаси Ҳормуз бўғозида қолиб кетган кемаларга хавфсиз ўтишга ёрдам беришдан иборат.

АҚШ Мудофаа вазирлиги молия директори Жюлс Херст апрель охирида Эрон билан боғлиқ ҳарбий ҳаражатларга 25 миллиард доллар сарфланганини айтган. Бироқ CBS News манбаларига кўра, реал харажатлар бундан икки баробар кўп – тахминан 50 миллиард долларни ташкил этади.

Манбалар расмий ҳисоб-китобларга йўқ қилинган техника ва АҚШ ҳарбий базаларига етказилган зарар киритилмаганини таъкидлаган. Жумладан, АҚШ камида 24 та MQ-9 Reaper учувчисиз учиш аппаратини йўқотган, уларнинг ҳар бири камида 30 миллион доллар туради.

Пентагон раҳбари Пит Ҳегсетнинг тушунтиришича, “Озодлик лойиҳаси” аввалги операциядан фарқ қилади. У мудофаа характерига эга бўлиб, тор доирада ва вақтинчалик амалга оширилади. Асосий мақсад – Эрон томонидан бўлиши мумкин бўлган таҳдидлардан тинч савдо кемаларини ҳимоя қилиш.

Трампнинг айтишича, бу операцияни бошлашни кўплаб давлатлар сўраган. У буни гуманитар миссия деб атаб, кемаларда озиқ-овқат ва бошқа зарур захиралари тугаб бораётган экипажларга ёрдам бериш зарурлигини таъкидлаган.

АҚШ Марказий қўмондонлиги маълумотига кўра, операцияда бошқариладиган ракетали эсминетслар, 100 дан ортиқ самолётлар, замонавий дронлар ва қарийб 15 минг нафар ҳарбий хизматчи иштирок этмоқда. Шу билан бирга, АҚШ Ҳормуз бўғозидаги денгиз блокадасини давом эттирмоқда.

Эроннинг Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси денгиз кучлари эса барча кемалардан фақат Эрон белгилаган йўлак орқали ҳаракатланишни талаб қилган. Акс ҳолда, бошқа йўналишдан ўтишга уриниш “кескин жавоб” билан қарши олиниши ҳақида огоҳлантирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон ҳарбий-денгиз кучлари Америка ва Исроил кемаларининг Ҳормуз бўғози ҳудудига киришининг олдини олганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Марко Рубио Эпик ғазаб

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг