Саидов Хитойда Ароқчи билан учрашди

Олам

image

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов кеча, 15 июль куни эронлик мавқедоши Аббос Ароқчи билан учрашди. Бу ҳақда вазир ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди. 

“Жаноб Ароқчи билан узоқ асрлик умумий тарихимиз, маданиятимиз ва иқтисодий ҳамкорликка асосланган кўп қиррали муносабатларимизни янада чуқурлаштириш борасида фикр алмашдик”, дея ёзган Саидов. 

Қайд этилишича, томонлар мамлакатлар ўртасидаги савдо ҳажми ортиб бораётганини таъкидлаган, ҳамкорликни янада кенгайтириш йўлларини муҳокама қилган. 

“Ўзаро манфаатли соҳаларда алоқаларимизни ривожлантириш бўйича катта фойдаланилмаган салоҳият мавжудлигига эътибор қаратдик. Минтақавий тинчлик, фаровонлик ва барқарор ривожланишни таъминлашда дипломатиянинг муҳим ўрнини яна бир бор тасдиқладик”, дея қўшимча қилган Ўзбекистон ТИВ раҳбари. 

Саидов ва Ароқчининг учрашуви Хитойнинг Тянжин шаҳрида ШҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши доирасида бўлиб ўтди. Хитой раислигида ўтган йиғилишда бўлажак давлат раҳбарлари саммитида қабул қилинадиган ШҲТ–2035 Ривожланиш стратегияси, Тянжин декларацияси ҳамда савдо, транспорт ва хавфсизлик соҳаларидаги амалий ташаббуслар муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Бахтиёр Саидов кеча, 15 июль куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан учрашиб, унга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломлари ва эзгу тилакларини етказганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой ШҲТ Бахтиёр Саидов Аббос Ароқчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг