“Самарқанд-2020” тиббиёт олийгоҳлари талабаларининг VI Халқаро олимпиадаси ўтказилди

Бизнес

image

Ўзбекистонда барча соҳалар сингари соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш ва тиббий таълим сифатини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу эса бир қатор етакчи давлатларнинг ривожланган тиббиёти билан танишиш ва улар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга ҳамда мамлакатда тиббиётнинг замонавийлашувига хизмат қиляпти десак, муболаға бўлмайди. 

Бу борада ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳсинга лойиқ. Жумладан, Самарқанд давлат тиббиёт университетида ҳам тиббий хизмат ва таълимни ривожлантиришда кўзга кўринарли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 5-6 декабрь кунлари Самарқанд давлат тиббиёт университетида “Самарқанд-2020” тиббиёт олийгоҳлари талабаларининг VI Халқаро олимпиадаси ўтказилди. Университет ташаббуси билан ҳар йили анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган мазкур нуфузли мусобақа нафақат талабалар ва ёш тадқиқотчиларнинг билим ва малакаларини синовдан ўтказиш ва уларни муносиб тақдирлашга, балки халқаро дўстона муносабатларнинг янада мустаҳкамланиши ҳамда тиббиёт соҳасида жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари билан янгидан янги ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилишига ҳам туртки бўлмоқда.

Юқори савияда ташкил этилган олимпиадада Ўзбекистон ҳамда Германия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Жанубий Корея, Тожикистон, Россия, Туркия, Озарбайжон, Беларусь каби  жаҳоннинг ўттиздан ўртиқ давлатларининг олтмишдан зиёд тиббиёт олийгоҳларидан 500 дан ортиқ талабалар, шунингдек, хорижий тиббиёт муассасалари ректорлари ҳамда кўплаб профессор-ўқитувчилар иштирок этди. 

Олимпиаданинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов, Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев ҳамда бир қатор хорижий тиббиёт олийгоҳлари ректорлари олтинчи бора ташкил этилаётган халқаро мусобақанинг аҳамияти ҳақида сўз юритиб, барча иштирокчиларга омад тилади.

Очилишнинг кейинги қисми байрамона руҳда давом этиб, қизиқарли чиқишлар ва куй-қўшиқлар барча иштирокчиларга юқори кайфият улашди.

Ўзбек, рус ва инглиз тилларида ўтказилган халқаро олимпиаданинг асосий қисмида иштирокчилар 43 та йўналиш бўйича икки босқичда, тест синовлари ва амалий кўникмаларини намойиш этиш орқали беллашди. Шу билан бир қаторда, талабалар жаҳон стандартларига жавоб берувчи 7-авлод симулиацион роботлари орқали ўз амалий кўникмаларини синовдан ўтказди. Олимпиада доирасида Ўзбекистоннинг Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми ва хорижий тиббиёт коллежларининг ўқувчилари орасида ҳам халқаро олимпиада ташкил қилинди.

Шунингдек, талабалар учун чет эллик ва республиканинг етакчи мутахассислари томонидан замонавий тиббиётда фундаментал фанлар, илмий тадқиқот усуллари ва бошқа долзарб масалаларга бағишланган маҳорат дарслари, бакалавр, магистр ҳамда клиник ординаторлар учун хорижий тиббий ОТМлари ректорларининг маърузалари ҳам ташкил этилди.

Олимпиада доирасида талабалар учун старт UP лойиҳалари танлови, Ёш олимлар тўгараклари ҳамда турли спорт мусобақалари ҳам ташкил этилди.

Шунингдек, Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳамда Туркиянинг етакчи олийгоҳларидан бири бўлган Соғлиқ билимлари университети ўртасидаги ҳамкорлик асосида ташкил этилаган қўшма таълим дастури доирасида 1-босқичда таҳсил олаётган талабаларга “Оқ халат кийдириш маросими” тантанали тарзда ўтказилди. Маросимда сўзга чиққан Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев ҳамда Соғлиқ билимлари университети ректори Камалеттин Айдин барча талабаларни табриклаб, уларга рамзий оқ халатларни топширди.

Бундан ташқари, Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳузурида хорижий тилларни ўқитишга мослашган “Тил академияси” марказининг тантанали очилиш маросими ташкил этилиб, унинг фаолияти ҳақида маълумотлар берилди.

Мазкур марказ дунё тилларини ўрганиш баробарида тиббиёт ходимлаи учун ушбу тилларда ўз касбий фаолиятларини профессионал тарзда олиб боришлари учун имкон яратади.

Реклама ҳуқуқи асосида


Мақола муаллифи

Теглар

тиббиёт олийгоҳлари Самарқанд-2020 олимпиадаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг