Сардор Азмун Эрон терма жамоасидан ҳайдалди – ОАВ
Спорт
−
11:42 7559 2 дақиқа
Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (IRGC) Сардор Азмуннинг ҳаракатларидан норози бўлгани сабаб Эрон терма жамоаси ҳужумчиси терма жамоадан четлаштирилди. Бу ҳақда “Iranintl” нашри хабар берди.
Маълумотларга қараганда, Азмун Бирлашган Араб Амирликлари етакчилари – Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум ва Муҳаммад бин Зайд ол-Наҳаён билан тушган суратларини ижтимоий тармоқларда эълон қилганидан сўнг танқид остида қолган. Футболчи ушбу суратларга: “Дунёдаги энг муваффақиятли инсонлардан бири билан учрашиш мен учун шараф”, дея изоҳ қолдирган.
Шундан сўнг унга нисбатан жиноий жавобгарлик қўлланиши ва мол-мулки мусодара қилиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилгани айтилмоқда. Айрим манбаларда бу ташриф “Эрон душманлари билан ҳамкорлик” сифатида баҳоланиб, футболчига нисбатан суд иши қўзғатиш таклиф қилингани ҳам қайд этилган.
Шунингдек, унинг минтақадаги АҚШ ва Исроил билан боғлиқ воқеалар юзасидан сукут сақлагани ҳам танқид қилинган.
Сардор Азмун ҳозирда Эрон терма жамоасининг етакчиларидан бири ҳисобланади. У 55 та гол билан терма жамоа тарихидаги энг яхши уч нафар тўпурар қаторига киради.
Маълумот учун, Азмун Европадаги фаолияти давомида “Зенит”, “Байер”, “Рома” каби клубларда тўп сурган ва Чемпионлар лигасида ҳам голлар урган. У 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичида Эрон терма жамоаси сафида 10 та гол муаллифига айланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон футбол федерацияси FIFA билан 2026 йилги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи ўйинларини АҚШдан Мексикага кўчириш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси