Сардор Ражабов Олий таълим вазирига ўринбосар бўлди
Жамият
−
10 Сентябрь 7578 1 дақиқа
Ўзбекистон Президенти қарори билан Сардор Бахтиёрович Ражабов Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вазирлик хабар берди.
Тайинловга қадар у Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари сифатида фаолият юритган.
Сардор Ражабов меҳнат фаолияти давомида Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи, марказ директори ўринбосари, шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг “Таълим сифатини баҳолаш, лицензиялаш ва аккредитациялаш департаменти” раҳбари лавозимларида ишлаган.
Маълумот учун, Сардор Ражабов 1988 йил 9 июнь куни Тошкент шаҳрида туғилган. У 2008 йилда Вестминстер халқаро университетининг “Бизнес бошқаруви” йўналишида таҳсил олган. Кейинчалик, 2018 йилда шу университетда “Халқаро савдо ҳуқуқи” йўналиши бўйича магистрлик дипломига эга бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг барча ўринбосарлари – биринчи ўринбосар Шохруҳ Далиев, ўринбосарлар Отабек Маҳкамов ва Сарвархон Бузрукхонов ишдан олингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президент фармони ва қарори билан Президент Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори Адхам Худайкулов бошқа ишга ўтиши муносабати билан ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги директори Шароф Ражаббаев лавозимидан озод этилган.