“Сен ўзи кимсан?” Хоманаий Трампга жавоб йўллади
Олам
−
21 Октябрь 16626 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп июнь ойидаги ҳужумлардан сўнг, Эроннинг ядро инфратузилмаси бутунлай йўқ қилинган деб ўйлайди, бироқ бу фикр нотўғри. Бу ҳақда Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий Х саҳифасида жойлаган постида маълум қилди.
“АҚШ Президенти Эроннинг ядро саноати портлатилиб, йўқ қилингани билан фахрланмоқда. Хўш, қўяверинг, шундай деб ўйласин! Сен кимсанки, қайси давлатга ядро саноатига эга бўлиш мумкин ёки мумкин эмаслигини белгилайсан?”, деган Эрон раҳнамоси.
Эрон Олий раҳбари АҚШ билан ядро дастури борасида янги музокараларга киришиш эҳтимолини ҳам рад этган. Унинг фикрича, бундай музокаралар “жиддий ва тузатилмайдиган зарар” келтириши мумкин.
Маълумот учун, 13 июнга ўтар кечаси Исроил Эронни яширин ҳарбий-ядро дастурини амалга ошираётганликда айблаб, унга қарши операцияни бошлаган эди. Ҳаво ҳужумлари ортидан ядро объектлари, юқори мартабали генераллар, таниқли ядро физиклари ва авиабазалар нишонга олинган, йўқ қилинган.
Эрон бу айбловларни инкор этиб, жавобан ўз ҳужумларини бошлади. Томонлар 12 кун давомида зарбалар алмашди. АҚШ ҳам жараёнга қўшилиб, 22 июнга ўтар кечаси Эроннинг ядро объектларига бир марталик зарба берди.
Шундан сўнг, 23 июнь оқшомида Теҳрон АҚШнинг Қатардаги ҳарбий базасига ракета ҳужумини уюштириб, Эрон томони вазиятни янада кескинлаштириш ниятида эмаслигини билдирди. Трамп ушбу ҳужумдан сўнг Эроннинг барча ядро объектлари йўқ қилинганини эълон қилди.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь