Сенегал Президенти Африка кубогидаги ғалабадан сўнг миллий дам олиш куни эълон қилди
Спорт
−
19 Январь 2448 2 дақиқа
Сенегал Президенти Бассиру Диомай Фай миллий терма жамоанинг Африка кубогидаги ғалабасидан сўнг 2026 йил 19 январь, душанба кунини бутун мамлакат бўйлаб ҳақ тўланадиган дам олиш куни деб эълон қилди. Бу ҳақда “Bold Sports” хабар берди.
Манбага кўра, пуллик дам олиш куни сенегалликларнинг барча соҳалардаги одамларига байрамларда иштирок этиш ва ўйинчилар ҳамда техник ходимларни муносиб равишда ҳурмат қилиш имконини бериш учун мўлжалланган.
Қайт этиш жоиз, Африка кубоги финал учрашувида Сенегал терма жамоаси қўшимча вақтда Марокаш терма жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этганди.
Асосий вақтга қўшиб берилган 90+8-дақиқада учрашув бош ҳаками Сенегал дарвозаси томон пенальти белгилади. Бу қарордан сўнг сенегаллик футболчиларнинг аксарияти норози бўлиб, майдонни тарк этди. Бироқ жамоа сардори Садио Мане уларни тинчлантириб, ўйинни давом эттиришга кўндирди.
90+24-дақиқада Марокаш ярим ҳимоячиси Браим Диас пенальтидан унумли фойдалана олмади.
Қўшимча вақтда эса Сенегал ҳал қилувчи голни урди. 94-дақиқада ярим ҳимоячи Папе Гуэйе аниқ зарба билан жамоасига ғалаба келтирди.
Шу тариқа, Сенегал ўз тарихида иккинчи марта Африка Миллатлар Кубоги ғолибига айланди. Бундан тўрт йил аввал жамоа финалда Мисрни пенальтилар сериясида мағлуб этган эди (0:0, пенальтилар сериясида 4:2). Ўшанда ҳам мамлакатнинг амалдаги Президенти терма жамоа муваффақияти муносабати билан дам олиш куни эълон қилган.
Live
Барчаси