Шавкат Мирзиёев бир гуруҳ хотин-қизларни мукофотлади (фото)

Жамият

image

Бугун, 6 март куни Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев тадбирда нутқ сўзлади ва давлат мукофотларини топширди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди. 

“Инсон ҳаётини, жамият тараққиётини хотин-қизларсиз, уларнинг эзгу фазилатларисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Биз сизларнинг тимсолингизда Учинчи Ренессанс бунёдкори бўлиб майдонга чиқаётган 22 миллионлик ёш авлодни оналик меҳри билан тарбиялаб, вояга етказган буюк бир кучни кўрамиз.

Сизлар тадбиркор, олим, муаллим, шифокор, муҳандис, давлат ва жамоат арбоби, бир сўз билан хонадонларимиз фариштаси, оила ва жамият таянчи, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз”, дейди Президент.

Мамлакатда сўнгги йилларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги ролини ошириш бўйича мутлақо янги тизим шакллантирилгани таъкидланган. Қабул қилинаётган қонун ва қарорларда гендер тенглиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, хотин-қизлар манфаатларига таъсири баҳоланмасдан туриб, ҳеч бир қонун қабул қилинмаслиги белгиланган.

Мазкур сиёсат натижасида фаол тадбиркор аёллар қатлами шаклланиб, бугунги кунда уларнинг сони 230 минг нафарга яқинлашган. Қишлоқ хўжалигида 12 минг нафардан ортиқ фермер аёллар меҳнат қилмоқда, илм-фан соҳасида эса 6 мингдан зиёд олималар фаолият юритмоқда.

Қизлар халқаро спорт мусобақаларида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. Хусусан, ўтган йилда улар жаҳон ареналарида 167 та олтин, 193 та кумуш ва 243 та бронза медалини қўлга киритди.

Хотин-қизлар ҳаётидаги бундай ижобий ўзгаришлар халқаро майдонда ҳам эътироф этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқнинг “Парламентдаги аёллар” рейтингида 92 поғона юқорилаб, 36-ўринни эгаллади. “Гендер тенглик ва бошқарув” индексида мамлакат 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилди. Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” индексида эса 43 поғонага яхшиланиб, 48-ўринни эгаллади.

Давлат раҳбари турли соҳалардаги меҳнати, истеъдоди ва ақл-заковати билан Янги Ўзбекистонни барпо этишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган аёлларга, халқаро майдонларда Ўзбекистонни дунёга тараннум этаётган қизларга, уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийларига самимий миннатдорлик билдирган.

Хотин-қизларни иш билан таъминлаш ва уларни тадбиркорликка жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йили бу мақсадлар учун 23,5 триллион сўм кредит ажратилиб, бунинг натижасида 425 мингдан ортиқ аёллар тадбиркор бўлган.

Бу йил ҳам хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш бўйича кенг кўламли дастурлар амалга оширилади. Хусусан, 166 минг хотин-қизлар замонавий касб ва тадбиркорликка, яна 100 минг нафари ахборот технологиялари соҳасига ўқитилади.

Шунингдек, “Даромадли аёл” дастури йўлга қўйилиб, касаначилик, ҳунармандчилик, паррандачилик, асаларичилик ва томорқачилик каби йўналишларда 50 минг аёлнинг бандлиги таъминланади. “Ҳамроҳ” дастури доирасида хотин-қизларнинг 3 мингта бизнес лойиҳасига 1 триллион сўм ажратилиши белгиланган.

Умуман, жорий йилда 1,5 миллион хотин-қизни даромадли қилиш, шундан 400 минг нафарини тадбиркорликка жалб этиш мақсад қилинган. Бу ишлар учун 25 триллион сўмдан зиёд ресурс йўналтирилади.

Президент мамлакатда қизларнинг таълим олиши учун яратилаётган имкониятларга ҳам тўхталиб ўтган. Бугун олийгоҳларда таҳсил олаётган қизлар сони 904 минг нафардан ошиб, жами талабаларнинг 54 фоизини ташкил этмоқда. Стажёр-тадқиқотчилар ва докторантурада таҳсил олаётганларнинг ҳам 61 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани алоҳида таъкидланган.

Янги ўқув йилидан бошлаб эҳтиёжманд оилалардаги қизлар учун давлат гранти квотаси икки баробарга оширилиб, 4 мингтага етказилади. Шунингдек, дунёдаги етакчи олийгоҳлар билан қўшма таълим асосида магистратурада таҳсил олаётган талаба-қизларнинг контракт тўловлари ҳам давлат томонидан қоплаб берилади.

Ёш хотин-қизларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили камида 10 та йўналиш бўйича стартап танловлари ўтказилиб, ҳар бир ғолибга Инновация жамғармасидан 500 миллион сўмгача грант ажратилади.

Тадбирда аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири экани таъкидланган.

Яқинда хотин-қизлар ва болаларни ҳар қандай зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган янги Президент фармони имзоланган. Эндиликда хотин-қизлар ва болаларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик, тазйиқ ҳолатларига қарши қатъий тизим асосида кураш олиб борилади.

Шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган аёлларни жамиятга қайта интеграция қилиш мақсадида “Янги ҳаёт” дастури амалга оширилиши белгиланди. Унга кўра, маҳкумалар 3-6 ойлик касбга ўқитиш дастурлари орқали ҳунар эгаллайди, олий таълим муассасаларига кириш ва масофавий таълим олиш имкониятига эга бўлади.

“Биз ўз олдимизга, аввало, инсон бахти, инсон қадри учун хизмат қиладиган улкан мақсадлар қўйганмиз. Чунки инсон бахти оиладан бошланади, оила эса аёл билан мустаҳкам. Ҳеч шубҳасиз, бу борада қизларимизнинг маънавий тарбияси ҳал қилувчи ўрин тутади”, дейди давлат раҳбари.

Дунёдаги вазият таҳликали бўлиб бораётган бир пайтда Ўзбекистондаги тинчлик ва осойишталик улуғ неъмат эканини янада чуқур ҳис этилмоқда. Дуогўй бувижонлар, мўътабар онахонлар оилаларда бу неъматнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш ва фарзандлар, набираларга шукроналик туйғусини сингдиришда намуна бўлишларига ишонч билдирилган.

Тадбирда мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ аёлларга давлатнинг юксак унвон, орден ва медаллари, шунингдек, илм-фан, таълим, маданият ва жамоат ишларида фаол бўлган 28 нафар иқтидорли қизга Зулфия номидаги давлат мукофоти тантанали тарзда топширилган.

“Янги Ўзбекистонни аёллари ҳаётдан рози бўлиб, бахтли-саодатли яшайдиган мамлакатга айлантириш – менинг энг катта ниятим. Ишончим комил, сиздек фидойи, шижоатли, меҳнаткаш аёлларимиз, бутун халқимиз билан бирга эзгу мақсадларимизга, албатта, эришамиз!” дейди давлат раҳбари.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар куни

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг