Шавкат Мирзиёев Озарбайжонга дрон ҳужумини кескин қоралади
Жамият
−
05 Март 3129 2 дақиқа
Бугун, 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилиб, Озарбайжонга дрон ҳужумини кескин қоралади. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, суҳбат аввалида Ўзбекистон раҳбари Озарбайжон ҳудудига учувчисиз учиш аппаратлари билан уюштирилган ҳужумларни кескин қоралаб, жароҳат олганларнинг тез фурсатда соғайиб кетишини тилаган.
Cўнгги кунларда Яқин Шарқ минтақасида кузатилаётган кескинликнинг авж олиши кўплаб тинч аҳолининг қурбон бўлишига олиб келаётгани ва жиддий хавотир уйғотаётгани алоҳида қайд этилган.
Муборак Рамазон ойида рўй бераётган бундай воқеалар умуминсоний қадриятларга, халқаро нормалар ва давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги тамойилларига зид экани таъкидланган.
Ўзбекистон етакчиси фуқароларни Эрондан Озарбайжон ҳудуди орқали хавфсиз эвакуация қилиш бўйича кўрилаётган чоралар ва яратилаётган шароитлар учун Илҳом Алиевга миннатдорлик билдирган.
Озарбайжон Президенти, ўз навбатида, давлат раҳбарига дўстона суҳбат ва синовли дамларда кўрсатилган қўллаб-қувватлов учун алоҳида ташаккур изҳор этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон дронлари Озарбайжоннинг Нахчивон Автоном Республикаси ҳудудига ҳужум қилгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ҳодисдан сўнг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳужумдан жиддий хавотир билдирди. Илҳом Алиев эса Эроннинг Нахичевонга қилган ҳужумини террористик ҳаракат деб атади ва Эрон бунинг учун узр сўраши кераклигини айтди.
Live
Барчаси