Шимолий Корея мактабларида рус тили мажбурий фан бўлди

Олам

image

Янги ўқув йилидан бошлаб КХДР мактабларида 4-синфдан эътиборан рус тили мажбурий фан сифатида жорий этилди. Бу ҳақда кеча, 27 ноябрь куни Россия Табиий ресурслар ва экология вазири Александр Козлов Москвада бўлиб ўтган Россия–КХДР ҳукуматлараро комиссияси йиғилишида сўз очди.

Вазирга кўра, рус тили Шимолий Кореяда энг машҳур учта хорижий тил қаторига киради. Ҳозирда мамлакат бўйлаб тахминан 600 нафар ўқувчи рус тилини ўрганмоқда. Россияда эса корейс тилини асосан иккинчи ёки учинчи хорижий тил сифатида 3 мингдан ортиқ ўқувчи ўрганади.

Таълим соҳасидаги ҳамкорлик бир вақтнинг ўзида бир нечта йўналишларда ривожланмоқда. Ўтган ўқув йилида КХДРнинг 96 нафар фуқароси Россия олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинган. Шу билан бирга, 300 нафар россиялик талаба корейс тилини танлаган, улар давлатдаги учта педагогика университетида ўқитилади.

Алоҳида эътибор касбий таълимга қаратилмоқда. Жорий йилда 29 нафар шимолий кореялик геолог Россия мутахассислик таълим муассасаларида малака оширди. Улар қидирув ишлари, лаборатория таҳлиллари, картография ва маълумотлар базалари билан ишлашни ўрганди. Худди шундай курслар банк ходимлари, энергетиклар ва тиббиёт соҳасига оид мутахассислар учун ҳам ташкил этилган.

Келаси йилда Пхеньянда рус тилида очиқ таълим маркази очилади. У Ким Чхоль Чжу номидаги педагогика университети негизида ташкил этилади. Ҳозир марказ учун махсус бино қурилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея ўзининг 5 минг ҳарбийини Россияга юборганди. Бу эса икки мамлакат ўртасидаги алоқалар ҳарбий соҳада ҳам яхши ривожланганини кўрсатади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия рус тили КХДР

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг