Шофирконда маҳалла раислигига сайловлар “енг ичида” бўлиб ўтдими? (видео)
Жамият
−
13 Май 7545 3 дақиқа
Ижтимоий тармоқлар орқали Бухоро вилоятининг Шофиркон туман Жўйрабод маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайлов жараёнининг видеолавҳаси эълон қилинди. Ушбу видеолавҳаларда маҳалла оқсоқоллари билан келишилган ҳолда сайловчилар рўйхати 350 кишидан ташкил топгани ва овоз беришга келган фуқаролар турли хил важлар билан қайтариб юборилаётганини кўриш мумкин. Қолаверса, видеода бир неча фуқаролар “Бизнинг ҳуқуқларимиз поймол этиляпти”, деганига ҳам гувоҳ бўлишимиз мумкин. Шу билан биргаликда, видеолавҳа муаллифлари ушбу қонунбузарликни Ички ишлар ходимлари ҳам жимгина кузатаётганини айтган. Аслида, ҳолат қандай бўлган эди? Воқеа юзасидан Шофиркон тумани ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.
Билдирилишича, мазкур ҳолат туман Сайлов Комиссиясининг Жўйрабод маҳалла фуқаролар йиғинига масъул ходими, кузатувчилар, маҳалла фуқаролар йиғини ишчи гуруҳи ҳамда саноқ комиссияси томонидан батафсил ўрганилиб чиқилган.
Ўрганиш давомида маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла раиси сайловида 335 нафар фуқаро (сайловчи) рўйхати шакллантирилгани, 400 нафар фуқаронинг сайловда иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратилгани, номзодлар бўйича блютенлар тайёрлангани, ёпиқ овоз бериш жойлари, блютен қутиси шай ҳолатга келтириб қўйилгани аниқланган.
“Иддаода келтирилган важларга тўхталадиган бўлсак, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига асосан доимий яшаб келаётган шахслар ва 18 ёшдан ошган фуқароларнинг 12 фоизи вакиллик рўйхатлари шаллантирилган бўлиб, сайлов жараёнида ўз номзодларига овоз бериш имкониятидан фойдаланган”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳокимликнинг қўшимча қилишича, сайлов жараёнларига ҳокимлик, Ички ишлар органлари, Адлия ҳамда бошқа органларининг аралашувига йўл қўйилмаслиги, фуқаролар томонидан келиб тушган шикоят, эътирозлар бўлган тақдирда “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддасига асосан суд тартибида кўриб чиқилиши бўйича мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжуд.
Маълумот учун, “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига кўра, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловида фуқароларнинг иштирок этиш ҳуқуқларини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланади. Айнан ушбу қонуннинг 7-моддасига кўра, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчиларини сайлашда фуқаролар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқейидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир.
Қолаверса, Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2021 йилнинг 19 март куни Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида бўлиб ўтган халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сайлов масаласига тўхталиб ўтган эди. Президент ўз нутқида “Ҳокимларни сайлашга биз ҳозир тайёрмизми? Биз битта маҳалла раисини ҳам адолатли сайлай олмаймиз-ку”, дея ўринли саволни қўйган эди.
“Адолатли маҳалла раиси сайловини ўтказишга ҳаракат қилсак, тўда-тўда бўлиб келади, бизникини сайлаймиз дейдида, сайлаб юборади. Жамият тайёр бўлмаган муҳитга сайловларни қўйиш хиёнат эмасми? Бу ҳақиқий хиёнатнинг ўзи”, дея айтган Мирзиёев.