Шомуродов дубл қайд этган ўйинда “Истанбул Башакшеҳир” йирик ҳисобда ғалаба қозонди (видео)
Спорт
−
11 Апрель 2157 1 дақиқа
Бугун, 11 апрель куни Туркия Суперлигаси 29-туридан ўрин олган “Истанбул Башакшеҳир” – “Генчлербирлиги” жамоалари ўртасидаги баҳс бўлиб ўтди ва унда мезбонлар йирик – 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувда дастлаб истанбулликлар ҳужумчиси Элдор Шомуродов 9-дақиқада ҳисобни очган бўлса, ўйиннинг 40-дақиқасига келиб ўзбекистонлик ҳужумчи яна бир бор рақиб дарвзабонини “хафа қилди”. Орадан икки дақиқа ўтгандан кейин эса Элдорнинг биринчи голига ассистентлик қилган Бертуг Йилдирим ҳисобни 3:0 кўринишига келтириб қўйди. Шундан сўнг ўйинда бошқа гол киритилмади ва “Истанбул Башакшеҳир” навбатдаги уч очкога эга бўлди.
Ушбу ғалабадан сўнг истанбулликларнинг очколари сони 47 тага етди ва турнир жадвалида 5-ўринга чиқиб олди. Қайд этиб ўтиш жоиз, 46 очкога эга 6-ўриндаги “Гёзтепе”да битта захира ўйини мавжуд.
Ушбу ўйинда “Истанбул Башакшеҳир”нинг яна бир ўзбекистонлик легионери Аббосбек Файзуллаев жароҳат сабаб иштирок эта олмади.
Маълумот ўрнида, бугунги ўйинда дубл қайд этган Элдор Шомуродовнинг Туркия чемпионатидаги голлари сони 18 тага етди ва тўпурарлар пойгасида 22 та гол билан пешқадамлик қилаётган “Трабзонспор” ҳужумчиси Пол Онуачуга яқинлашиб олди.
Рамазон Усанов
Live
Барчаси